Дунё нефт захиралари: қайси давлатлар энг катта ресурсга эга

Кеча 23:207 дақиқа

Йирик давлатларнинг стратегик нефт захиралари ва уларнинг ҳажми глобал энергетика хавфсизлигига қандай таъсир қилмоқда.

Дунё нефт захиралари: қайси давлатлар энг катта ресурсга эга

Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини фалаж қилиб қўйиши глобал нефт ва газ таъминотида жиддий узилишларга олиб келди ҳамда кўплаб давлатлар иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида ўзларининг стратегик нефт захираларидан фойдаланишни бошлади.

28-феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери, ҳудудий сувлари бўғозгача туташган Теҳрон дунёдаги нефт ва суюлтирилган табиий газнинг (LNG) 20 фоизини Кўрфаздан дунёнинг бошқа бурчакларига ташийдиган кемалар қатновини тўсиб қўйди. Ушбу бўғоз Кўрфаздаги нефт ва газ ишлаб чиқарувчилар учун очиқ океанга чиқувчи ягона сув йўли ҳисобланади.

Ўтган ҳафтада «Brent» маркасидаги нефт нархи урушдан олдинги 65 доллар атрофидаги кўрсаткичдан сакраб, бир баррели учун 100 доллардан ошиб кетди.

Қўшма Штатлардаги Трамп маъмурияти бўғозни қайта очишга уриниб кўрди, аммо бу бесамар кетди. Дастлаб, у Ғарб давлатларини бўғоз орқали ўтадиган кемаларни кузатиб бориш учун ҳарбий кемалар юборишга чақирди — бироқ бу таклиф рад этилди ёки жавобсиз қолдирилди. Шундан кейин Трамп Эронга бўғозни очиш учун 48 соат муҳлат берди. Агар ушбу талаб бажарилмаса, АҚШ Эроннинг электр станцияларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирди.

Бироқ Эрон Исроилдаги ва минтақада АҚШ ҳарбий объектларини электр энергияси билан таъминлайдиган электр станцияларига жавоб зарбаси беришини эълон қилди. Шунингдек, Теҳрон агар АҚШ унинг энергетика инфратузилмасига ҳужумларни давом эттирса, Ҳўрмуз бўғозини бутунлай ёпиб қўйишини билдирди.

Сўнгги уч ҳафта ичида Эроннинг бутун Кўрфаз бўйлаб энергетика инфратузилмаларига қилган ҳужумлари ортидан, Саудия Арабистони, БАА, Ироқ ва Қувайт каби давлатлар ҳам нефт қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди. Бу эса глобал нефт ва газ таъминоти борасидаги хавотирларни янада кучайтирди.

23-март куни Трамп Эрондаги электр станцияларига бериладиган зарбаларни беш кунга тўхтатиб туришга буйруқ берди ва музокаралар олиб борилаётганини билдирди. Бу унинг Ҳўрмуз ультиматуми борасидаги қатъий позициясидан бироз чекинганидан дарак бергандек бўлди. Бироқ Эрон бу хабарни рад этди.

Бундай бошбошдоқлик шароитида, 11-март куни Халқаро энергетика агентлигига (ХЭА) аъзо 32 давлат ўзларининг стратегик фавқулодда захираларидан 400 миллион баррел нефтни бозорга чиқаришга келишиб олди. Бу агентлик тарихидаги энг йирик захира ажратилиши бўлиб, гуруҳ аъзолари томонидан 2022-йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин бозорга чиқарилган 182 миллион баррел нефтдан анча кўпдир.

Хўш, стратегик нефт захиралари ўзи нима ва улар қайси давлатларда мавжуд?

Стратегик нефт захираси ўзи нима?

Стратегик нефт захираси (СНЗ) — бу мамлакат ҳукумати томонидан давлат омборларида сақланадиган нефтнинг фавқулодда захирасидир.

Бундай нефт захираларидан урушлар ва иқтисодий инқирозлар каби фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш мумкин. Ҳукуматлар, одатда, ўз захираларини тўлдириб бориш мақсадида хусусий компаниялар билан тузилган шартномалар асосида нефт сотиб олади.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирда унинг аъзолари 1,2 миллиард баррелдан ортиқ фавқулодда нефт захираларига эга. Бундан ташқари, хусусий ташкилотлар томонидан сақланадиган, аммо ҳукумат талабига биноан жамоат эҳтиёжларини қондириш учун йўналтирилиши мажбурий бўлган яна 600 миллион баррел саноат захиралари ҳам мавжуд.

ХЭАга аъзо бўлмаган Хитой каби бошқа давлатлар ҳам ўзининг стратегик захираларига эга.

Қайси давлатлар стратегик нефт захираларига эга? Улар Эрондаги урушга дош бера оладими?

Хитой

Пекин ХЭА аъзоси эмас, бироқ дунёдаги энг йирик стратегик нефт захирасига эгалик қилади.

Хитой Экология ва атроф-муҳит вазирлигининг маълум қилишича, Пекин нефт таъминотидаги хатарларни камайтириш ҳамда дунё бозоридаги энергия ресурслари нархлари тебранишининг мамлакат ички бозорига таъсирини юмшатиш мақсадида 2004-йилда давлат стратегик нефт захираларини шакллантириш дастурига старт берган.

Хитойнинг «Синхуа» давлат ахборот агентлигининг 2007-йилги ҳисоботида таъкидланишича, «базалар 30 кунлик импортга тенг, яъни тахминан 10 миллион тонна стратегик нефт захирасини сақлашга мўлжалланган». Бу стратегик нефт захиралари, асосан, Шандун, Чжэцзян ва Хайнан каби Хитойнинг шарқий ва жанубий соҳилбўйи минтақаларида жойлашган.

Хитой ўз нефт захиралари ҳақидаги маълумотларни расман эълон қилмайди, шунинг учун мамлакатда қанча нефт сақланаётгани аниқ эмас. Бироқ «Vortexa» энергетика таҳлиллари компанияси маълумотига кўра, 2025-йилда «Хитойнинг қуруқликдаги нефт захиралари (ер ости омборларини ҳисобга олмаганда) ўсишда давом этган... ва йил охирига келиб рекорд даражадаги 1,13 миллиард баррелга етган».

«Kpler» таҳлил компанияси маълумотларига кўра, 2025-йилда Хитой Эрон экспорт қилган нефтнинг 80 фоиздан ортиғини сотиб олган. Шу боис, «Reuters» агентлигининг хабарида айтилишича, Эрондаги уруш кескинлашиб бораётгани сабабли, «Sinopec» каби Хитойнинг нефтни қайта ишлаш гигантлари мамлакат захираларидан фойдаланишга рухсат олиш учун ҳаракатни бошлаб юборган.

«Биз асосан Эрон нефтини сотиб олмаймиз, бу аниқ», — деган «Sinopec» президенти Жао Дун март ойида бўлиб ўтган брифингда.

«Умид қиламизки, ҳукумат нефт хом ашёсини ва қайта ишланган ёқилғи захираларини ҳамда бозордаги вазиятни яқиндан кузатиб бормоқда ва ўз вақтида қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш учун тегишли сиёсатни амалга оширади», — дея қўшимча қилган у.

АҚШ

ХЭА аъзолари орасида АҚШ 415 миллион баррел нефт билан энг йирик стратегик нефт захираларидан бирига эга. АҚШ Энергетика вазирлиги тасарруфида бўлган ушбу захиралардан жорий йил давомида 172 миллион баррел нефтни бозорга чиқариш режалаштирилган. Бу чора ХЭА билан мувофиқлаштирилган ҳаракатлар доирасида амалга оширилмоқда.

АҚШ ўзининг стратегик захирасини 1975-йилда — Араб давлатларининг нефт эмбаргоси бензин нархларининг кескин ошиб кетишига ва АҚШ иқтисодиётига жиддий зарба беришига олиб келганидан сўнг яратган. Захира омборлари АҚШнинг йирик нефтни қайта ишлаш ёки нефт-кимё марказлари яқинида жойлашган бўлиб, у ердан кунига 4,4 миллион баррелгача нефтни жаҳон бозорига чиқариш имконияти мавжуд.

«Reuters» ахборот агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда СНЗ соф хом нефт импортининг тахминан 200 кунлик эҳтиёжини қоплай олади. АҚШ президентлари урушлар даврида ёки Мексика кўрфази бўйлаб жойлашган нефт инфратузилмаларига тўфонлар ёпирилганда нефт бозорларини барқарорлаштириш учун ушбу захирадан фойдаланиб келган.

2024-йилнинг март ойида АҚШ президенти Жо Байден 2022-йил февралида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан нефт нархининг кескин кўтарилиши ва шундан сўнг АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари томонидан Россия нефтига қўйилган санкциялар туфайли юзага келган босимни юмшатиш мақсадида захирадан нефт чиқарилишини эълон қилган эди.

Япония

ХЭА аъзоси бўлган Япония ҳам дунёдаги энг йирик стратегик нефт захираларидан бирига эга.

Япониянинг «Nikkei Asia» нашрига кўра, 2025-йил охирида мамлакатда 470 миллион баррелга яқин фавқулодда захира мавжуд бўлган ва бу ички истеъмолнинг 254 кунлик эҳтиёжини қондиришга етади. Бу ҳажмнинг 146 кунлик қисми ҳукуматга, 101 кунлиги хусусий секторга тегишли бўлса, қолган қисми нефт қазиб олувчи давлатлар билан биргаликда сақланади.

Япония 1973-йилдаги глобал нефт инқирозидан сўнг келажакдаги иқтисодий таназзулларнинг олдини олиш мақсадида 1978-йилда ўзининг миллий нефт захираси тизимини яратган. Ўша нефт инқирози Япониянинг заифлигини ва хорижий нефтга қанчалик қарам эканини яққол кўрсатиб қўйган эди. Мамлакат ҳанузгача дунёдаги энг йирик нефт импортёрларидан бири бўлиб қолмоқда ва ўз энергия эҳтиёжларининг қарийб 80 фоизини хориждан келтириладиган қазилма ёқилғилар ҳисобига қондиради.

Япониянинг захиралари асосан соҳилбўйида жойлашган 10 та миллий базада сақланади, уларнинг энг йириги мамлакат жанубидаги Кагошима префектурасига қарашли Шибуши базасидир.

16-март куни Япония Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпиб қўйилиши оқибатида юзага келган глобал энергетика инқирози фонида ўзининг фавқулодда нефт захираларини чиқаришни бошлаганини эълон қилди. Япония бош вазири Санаэ Такаичи журналистларга таъминотдаги жиддий узилишлар хавфи туфайли мамлакат бир томонлама тартибда захираларидан 80 миллион баррел нефтни бозорга чиқаришини маълум қилди.

Буюк Британия

26-феврал ҳолатига кўра, Буюк Британиянинг Энергетик хавфсизлик вазирлиги маълумотларига асосан, мамлакатда тахминан 38 миллион баррел нефт хом ашёси ва 30 миллион баррел қайта ишланган маҳсулотлар стратегик захира сифатида сақланмоқда. Бу захиралар тахминан 90 кунлик эҳтиёжни қоплашга етиши тахмин қилинади.

Мамлакат ўз захираларини 1970-йиллардаги нефт инқирозидан сўнг, шунингдек, Халқаро энергетика агентлиги олдидаги мажбуриятларини бажариш мақсадида 1974-йилда яратган. Ташкилот аъзоларидан соф импортнинг камида 90 кунлик ҳажмини захирада ушлаб туриш талаб этилади.

Буюк Британиянинг стратегик захиралари асосан хусусий нефт компанияларида сақланади, бироқ улар ҳукумат томонидан тартибга солинади. Жанубий Уэлсдаги Милфорд Ҳейвен ҳамда Англиянинг шимоли-шарқидаги Ҳамбер ҳудудлари стратегик захиралар жамланган асосий марказлар ҳисобланади.

Буюк Британия ҳам Эрондаги уруш фонида юзага келган нефт танглигини юмшатиш учун ўз захирасидан хом ашё чиқараётган ХЭАнинг 32 давлати қаторига киради. Ушбу чоралар доирасида Буюк Британия ҳукумати бозорга 13,5 миллион баррел нефт етказиб беради.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқига аъзо ва айни пайтда ХЭА таркибига кирувчи Германия, Франция, Испания ва Италия каби давлатлар ҳам ўз стратегик нефт захираларига эга.

Германия Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат ҳукумат томонидан сақланадиган ва саноқли кунлар ичида бозорга чиқарилиши мумкин бўлган 110 миллион баррел нефт хом ашёси ва 67 миллион баррел тайёр нефт маҳсулотларига эга.

Энг сўнгги очиқ маълумотларга кўра, Франция 2024-йил охирида 120 миллион барреллик нефт хом ашёси ва тайёр маҳсулотлар захирасига эга эканини маълум қилган. Шундан қарийб 97 миллион баррели ҳукумат томонидан ваколат берилган «SAGESS» ташкилотида сақланади.

16-март куни Испания энергетика вазири Сара Огесеннинг маълум қилишича, мамлакат Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиб қолиши оқибатида юзага келган таъминот танқислигига қарши курашиш учун 90 кун ичида 11,5 миллион баррел атрофидаги нефт захирасини бозорга чиқаришни маъқуллаган. Бу Испаниянинг Халқаро энергетика агентлиги доирасидаги жамоавий саъй-ҳаракатларга қўшган ҳиссасидир. Умуман олганда, мамлакат жами 150 миллион баррел атрофида нефт хом ашёси захирасига эга.

Италия қонунчилигига биноан, 2024-йилда мамлакатда ўртача соф нефт импортининг 90 кунлик эҳтиёжини қоплашга етадиган тахминан 76 миллион барреллик захира шакллантирилган.

Теглар

Мавзуга оид