Эрон олий раҳбари АҚШ билан музокараларга рози бўлди — ОАВ
Аббос Ароқчи Стив Уиткофф билан телефон орқали гаплашиб, мамлакат олий раҳбари Мужтаба Хоманаий Вашингтон билан музокараларни маъқуллаганини билдирган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан телефон мулоқотида мамлакат олий раҳбари Мужтаба Хоманаий Вашингтон билан музокараларни маъқуллаганини билдирди. Бу ҳақда юқори мартабали эронлик мулозимга таяниб, Исроилнинг «Ynet» нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Уиткофф ва Ароғчи ўртасидаги суҳбат пайшанба, 19-март куни бўлиб ўтган. Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги бундай тўғридан-тўғри алоқалардан Исроил огоҳлантирилмаган.
Манбанинг қайд этишича, Ароғчи учун «АҚШга Эрондаги ҳокимият иерархиясини кўрсатиб қўйиш» ҳамда америкаликларга ўзининг ҳақиқий ҳокимият эгалари номидан иш кўраётганини англатиш жуда муҳим эди.
Мулоқот давомида вазир Хоманаийнинг урушни тезроқ якунлашга тайёр эканини, аммо бу фақат Теҳроннинг шартлари бажарилган тақдирдагина юз беришини таъкидлаган. «Ynet» нашрига кўра, гап урушдан аввал Теҳрон ва Вашингтон ўртасида Женевада бўлиб ўтган музокаралардаги шартлар ҳақида бормоқда. Хусусан, Эрон бойитилган уранни Россияга чиқариш масаласини муҳокама қилишга рози, лекин ўз ядровий дастури ва баллистик ракеталаридан тўлиқ воз кечмоқчи эмас.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар ҳақида 23-март куни Доналд Трамп ҳам айтиб ўтди. У мазкур жараённи «жуда яхши ва самарали» деб баҳолади. Шу боис, Трамп Пентагонга Эроннинг электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига бериладиган зарбаларни беш кунга кечиктириш бўйича кўрсатма берди.
Эрон эса АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилганини рад этмоқда. Ўз навбатида, «Axios» нашри манбаларга таяниб, икки давлат ўртасидаги музокараларда Туркия, Миср ва Покистон воситачилик қилганини ёзган. Ушбу уч давлатнинг ташқи ишлар вазирлари икки кун давомида Америка ва Эрон вакиллари билан алоҳида-алоҳида музокаралар ўтказган.





