«Ўзатом»нинг «Росатом» билан янги келишуви, «10 минг қадам»нинг қайтиши ва жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган 100 млн долларлик стадион — 24-март дайжести

Kecha 22:293 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Ўзатом»нинг «Росатом» билан янги келишуви, «10 минг қадам»нинг қайтиши ва жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган 100 млн долларлик стадион — 24-март дайжести

«Ўзатом» ва «Росатом» келишув имзолади

Ўзбекистонда атом энергетикаси лойиҳаси доирасида «Ўзатом» ва «Росатом» ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги келишув имзоланди. Унга кўра, Жиззах вилояти Фориш туманидаги майдонда кам қувватли АЭС қурилиши бўйича дастлабки бетон ишлари бошланди. Лойиҳа доирасида кадрлар тайёрлаш, инфратузилма яратиш ва атом энергетикасини комплекс ривожлантириш ҳам назарда тутилган.

Янги конфигурацияга кўра, станция икки йирик ВВЭР-1000 реактори ва икки РИТМ-200Н реакторидан иборат бўлади. Тўлиқ қувватга чиққач, АЭС йилига тахминан 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, мамлакат истеъмолининг 15 фоиздан ортиғини қоплаши кутилмоқда. Шу билан бирга, қурилиш майдони ядровий ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ мос деб топилган.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлини 2030 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълумотига кўра, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини 2030 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ушбу стратегик лойиҳа Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини ошириб, юк ташиш муддатини қисқартириши ва минтақада иқтисодий фаолликни кучайтириши кутилмоқда. Янги темирйўл Қирғизистонни «боши берк» ҳудуддан транзит давлатга айлантириши таъкидланмоқда.

Лойиҳа 2024 йил декабрида бошланган бўлиб, умумий қиймати 4,7 миллиард долларга тенг. Молиялаштиришда Хитой 51 фоиз улушга эга бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳар бири 24,5 фоиздан иштирок этмоқда. 2030 йилда темирйўл орқали 8 миллион тонна юк ташиш режалаштирилган бўлса, келгусида бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

«10 минг қадам пиёда» ташаббуси қайта тикланиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини яхшилаш ва экологик маданиятни ошириш мақсадида «10 минг қадам пиёда» ташаббусини қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди. Давлат раҳбари мазкур дастурни қайта жорий этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, «1hls» рақамли платформасини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган.

Лойиҳа фуқароларни кунлик юриш ва жисмоний фаолликка жалб этишга қаратилган. Илгари бу ташаббус доирасида 10 минг қадам босган иштирокчиларга пул мукофоти берилган эди. Шунингдек, янги экологик дастурлар доирасида «яшил техникумлар» ташкил этиш, халқаро экологик форумлар ўтказиш ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш чоралари ҳам режалаштирилган.

Аҳоли валюта савдосининг 41 фоизини онлайн амалга оширган — Марказий банк

2025-йилда Ўзбекистонда аҳоли ва банклар ўртасида 33,6 миллиард долларлик валюта олди-сотди амалга оширилди. Марказий банк маълумотига кўра, шунинг 13,8 миллиард доллари ёки 41 фоизи онлайн хизматлар орқали бажарилган. Умумий операциялар ҳажми ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ошган.

Асосий улуш ҳануз анъанавий айирбошлаш шохобчаларига тўғри келган бўлса-да (57 фоиз), энг тез ўсиш айнан рақамли хизматларда кузатилди. Шунингдек, 24/7 ишловчи валюта банкоматлари орқали ҳам 574 миллион долларлик операциялар амалга оширилган. Мутахассислар бу тенденцияни молиявий хизматларнинг рақамлашуви ва аҳоли учун қулайлик ошгани билан изоҳламоқда.

100 млн долларлик лойиҳа: Президент Янги Тошкентдаги стадион қурилишини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни Янги Тошкентда қурилаётган замонавий футбол стадиони қурилиш жараёни билан танишди. 100 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида 55 минг томошабинга мўлжалланган йирик спорт мажмуаси барпо этилмоқда. Ҳозирда ер ишлари якунланган, пойдеворнинг асосий қисми қуриб битказилган ва металл конструкциялар ўрнатиш босқичи бошланган.

Мазкур стадион 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик қилиш учун мўлжалланган. Иншоот 6 қаватли бўлиб, замонавий инфратузилма, эскалаторлар, машғулот майдонлари, метро бекати ва 5,5 минг ўринли автотураргоҳни ўз ичига олади. Лойиҳа нафақат халқаро мусобақалар, балки мамлакатда футбол ва ёшлар спортини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid