
Дунёнинг энг йирик АЭСлари: ядровий энергетика қудрати бўйича ким кучли?
Электр энергиясига бўлган талаб кескин ўсар экан, ядровий энергетика қайтадан энг муҳим стратегик йўналишлардан бирига айланди. Барқарор қувват ишлаб чиқариш эҳтиёжи мамлакатларни АЭСларини кенгайтиришга мажбур қилмоқда.

Ҳозирги кунда дунёдаги энг йирик АЭСлар АҚШ ва Хитойда жойлашган бўлиб, ядровий энергетика кучлари ўртасидаги йирик мувозанатни келтириб чиқармоқда.
Қуйидаги дунёнинг энг йирик атом электр энергияси ишлаб чиқарадиган давлатлар ҳамда энг йирик 10 та атом электр станцияларини кўриб чиқамиз.
Мамлакатлар кесимида энг катта ишлаб чиқарувчи сифатида АҚШ қайд этилган. У жаҳон ядровий энергиясининг қарийб 30 фоизини беради.
Хитой сўнгги ўн йилликда ядровий реакторлар қурилиши бўйича энг тез ўсган мамлакат ҳисобланади. Дунёнинг 16 фоиз атом энергиясини ўзида жамлаган ва 451 TWh энергия билан жаҳонда иккинчи ўринни эгаллайди.
Учинчи ўриндаги Франция эса электр энергиясининг 60 фоизини ядровий энергиядан олади. Мамлакат 2024 йилда ишлаб чиқаришни 12 фоизга ошириб, 381 TWh натижа кўрсатди.
Россия — тўртинчи йирик атом энергияси ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади. Аммо 2024 йилда атом энергияси ишлаб чиқаришда бироз пасайишни (–1,0 фоиз) бошдан кечирди. Дунё атом электр энергиясининг 7,7 фоизига эгалик қилиб, 216 TWh натижа кўрсатган.
Кейинги ўринларда Жанубий Корея, Канада ва Япония эгаллаган. Бу давлатлар жами ядровий энергиянинг 12,7 фоизига эгалик қилади.
Саккизинчи ўриндаги Ҳиндистон эса 2024 йилда энг тез ўсиш қайд этган давлат бўлиб, ядровий энергия ишлаб чиқаришини 13 фоизга оширган. Дунё ядровий электр энергиясининг эса 1,9 фоизига эгалик қилади.
Охирги ўринларни эса Испания ва Украина эгаллайди. Иккала давлат ҳам худди Ҳиндистон каби дунёнинг 1,9 фоиздан ядровий электр энергиясига эгалик қилади.
2025 йилда дунёда 416 та ядровий реактор фаолият юритаётгани маълум. Уларнинг ярмидан кўпи 30 «ёш»дан катта. Шунга қарамай, сўнгги ўн йилда 60 дан ортиқ янги реактор ишга тушгани ва 15 мамлакатда 70 та реактор қурилаётгани ядровий энергетиканинг глобал келажаги учун ижобий сигнал сифатида баҳоланмоқда.
Ядровий энергетика бўйича энг йирик инфратузилмалар рўйхатига кўра, дунёдаги энг катта АЭС сифатида Япониянинг «Kashiwazaki-Kariwa» станцияси қайд этилган. Унинг ўрнатилган қуввати 7965 МWни ташкил этади, бироқ 2011 йилдан бери фаолиятдан тўхтатилган.

Рейтингда биринчи фаол АЭС сифатида Канадада жойлашган «Bruce» станцияси қайд этилган. У 8 та реактор билан 6944 МW қувватга эга бўлиб, ҳозирда ядровий электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири саналади. Мазкур станция истеъмолчиларни барқарор базавий қувват билан таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.

Рўйхатнинг кейинги тўрт ўрнини Хитойдаги улкан энергетика мажмуалари эгалламоқда. «Hongyanhe» АЭСи 6714 МW қувват билан иккинчи ўринда турса, учинчи ўринни 6667 МW қувватга эга «Fuqing» АЭСи эгаллаган. Шунингдек, «Tianwan» (6608 МW) ва «Yangjiang» (6516 МW) станциялари ҳам Хитойнинг ядровий инфратузилмани кенгайтиришдаги тез суръатини намоён этмоқда.


Жанубий Кореяда жойлашган «Hanbit» АЭС 6235 МW қувват билан олтинчи ўринни, «Hanul» АЭС эса 6226 МW қувват билан еттинчи ўринни банд этган. Бу станциялар мамлакатнинг саноат тармоқларини узлуксиз энергия билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди.


Европадаги энг йирик АЭС сифатида Украинада жойлашган Запорижжя АЭСи 6000 МW қувват билан рўйхатнинг саккизинчи ўрнида қайд этилган. У йирик қувватга эгалигига қарамай, сўнгги тўрт йилда Россия босқини остида ва тўлиқ қувватда ишламаяпти.

Дунёда ядровий энергетика қувватларининг кенгайиши, Хитой ва Жанубий Корея каби мамлакатлар томонидан улкан АЭСлар барпо этилиши ва Канада каби давлатларнинг мавжуд инфратузилмани модернизация қилиши глобал энергетикада узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга интилиш кучайганини кўрсатади. Йирик атом станцияларининг тез суръатда ўсиши нафақат энергия танқислигини юмшатади, балки иқтисодий ривожланиш, саноат қуввати ва технологик мустақиллик учун муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
Айнан шу тенденциялар Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Чунки мамлакат шу вақтгача ядровий электр энергиясидан фойдаланмайди. Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам АЭС қурилиши бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Жиззах вилоятида қуввати 2 GW бўлган катта ва 110 МW қувватли кичик атом электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа Россиянинг «Росатом» агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. АЭСларда ҳар бири 1000 МW қувватга эга иккита катта реактор ва ҳар бири 55 МW қувватли иккита кичик реактор қуриш кўзда тутилган. Бу комбинацияланган ёндашув 2,1 GW асосий қувват ишлаб чиқариш ва манёвр имкониятларини таъминлайди.
Маълумотларга кўра, 2035 йилга бориб, Жиззахдаги атом электр станцияси йиллик 15 миллиард kWhдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради.
«Росатом» ва Ўзбекистоннинг «Ўзатом» агентлиги лойиҳани кўп босқичларда амалга ошириш учун тайёргарликни бошлашган. Лойиҳага кўра, 2025 йил кузда Жиззахдаги кичик АЭС учун котлован қазиш ишлари бошланган. 2026 йилда биринчи бетон қуйиш ишлари бошланиши керак. Ўзбекистон ва Россия атом энергетикаси бўйича халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун АЭХА билан ҳамкорлик қилмоқда.
Теглар






