Logo

Энергетика вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди

Бугун 11:532 дақиқа

Вазирнинг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов лавозимидан озод қилинди, унинг ўрнини Абдумалик Назиров эгаллади.

Энергетика вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди © Energetika vazirligi

Президент қарори билан Умид Мамадаминов Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Абдумалик Назиров тайинланди.

Умид Мамадаминов 2026-йил 24-июндан буён энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Бунгача у 2023-йил августидан энергетика вазирининг ўринбосари, ундан аввалроқ эса 2023-йил февралидан қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Мамадаминов 1983-йил 24-январда Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида туғилган. 2006-йилда Тошкент давлат техника университетининг бакалавриат босқичини, 2015-йилда АҚШнинг Орегон технология институтини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида «Global Trading and Consulting Service» МЧЖ, АҚШнинг «STANTEC» компанияси, «TCT Agro Cluster» ва «Evergreen Agriculture» қўшма корхонасида турли лавозимларда ишлаган.

Энергетика вазирининг янги биринчи ўринбосари Абдумалик Назиров 2025-йил 28-ноябрдан буён «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Бунгача у мазкур ташкилот бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Назиров 1984-йилда Тошкент вилоятининг Пискент туманида туғилган ва 2002-йилдан буён энергетика соҳасида ишлаб келади. У Тошкент вилояти электр тармоқларида назоратчи, электромонтёр ва муҳандис, кейинчалик энергия сотиш хизмати гуруҳи раҳбари ҳамда молия, иқтисодиёт ва электр энергиясини сотиш директори лавозимларида меҳнат қилган. Шунингдек, «Ўзенергоназорат» инспексияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»да турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, президент қарори билан Отабек Аманов энергетика вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Атом энергияси агентлигининг АЭС қурилиши дирекцияси директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Теглар

Мавзуга оид