add

Эрон намойишларида қурбонлар сони 30 мингга яқинлашди — ОАВ

26.01.2026 | 10:292 дақиқа

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОАВга берган маълумотларга кўра, Эрондаги норозилик намойишлари давомида ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотлардан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин.

Эрон намойишларида қурбонлар сони 30 мингга яқинлашди — ОАВ

Эронда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари вақтида 30 мингга яқин одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишловчи юқори лавозимли манбаларга таяниб, «Time» журнали хабар қилди. Нашрга кўра, мазкур рақамлар расмий статистикадан анча юқори бўлиб, воқеаларнинг ҳақиқий кўламини акс эттириши мумкин.

Журналистлар билан суҳбатда вазирликнинг икки нафар масъул ходими анонимлик шарти билан намойишлар пайтида тиббий ва фавқулодда хизматлар катта юклама остида қолганини айтган. Манбаларга кўра, қурбонлар сони шунчалик кўп бўлганки, жасадлар учун мўлжалланган махсус халталар етишмаган, баъзи ҳолларда эса тез ёрдам машиналари ўрнига тиркамали техникалар қўлланган.

Нашр таъкидлашича, келтирилган рақамлар мустақил манбалар орқали тўлиқ тасдиқланмаган. Бироқ ҳисоб-китоблар шифокорлар ва фавқулодда хизматлар томонидан йиғилган маълумотларга яқин экани қайд этилмоқда.

Расмий рақамлар

Эрон расмийлари 23 январ куни эълон қилган маълумотларга кўра, намойишлар оқибатида 3117 киши ҳалок бўлган. Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи айтишича, улар орасида 2427 нафар тинч аҳоли ва хавфсизлик ходимлари, шунингдек 690 нафар «террорчи» бор.

Шу билан бирга, «Time» билан суҳбатлашган шифокор Амир Парастанинг билдиришича, у тайёрлаган ҳисоботларда ҳарбий шифохоналар морглари ҳамда ҳисоб юритилмаган ҳудудлардаги қурбонлар тўлиқ инобатга олинмаган. Унинг фикрича, реал ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Нима сабабдан рақамлар икки ҳил?

АҚШда жойлашган «Human Rights Activists News Agency» 24 январ ҳолатига кўра, намойишлар пайтида 5459 кишининг ўлими тасдиқланганини маълум қилган. Яна 17 мингдан ортиқ ҳолат текширилмоқда. Интернет ва мобил алоқанинг ўчирилиши аниқ ҳисоб юритишни қийинлаштирган.

Норозилик намойишларига мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият сабаб бўлган. Эрон расмийлари тартибсизликларда АҚШ ва Исроилни айблаган. АҚШ президенти Доналд Трамп аввал Эронга босим ўтказиш билан таҳдид қилган, кейинроқ иттифоқчилар билан маслаҳатлашувлардан сўнг бу позициясини юмшатган.

Теглар

Мавзуга оид