Эскроу нархлари, ўзгаришсиз қолган асосий ставка ва Афғонистонга Рамазон туҳфаси —18-март дайжести

Кеча 23:203 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Эскроу нархлари, ўзгаришсиз қолган асосий ставка ва Афғонистонга Рамазон туҳфаси —18-март дайжести

Самарқандга 11 триллион сўм йўналтириляпти

Самарқанд вилоятига барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 18 триллион сўм кредит ресурслари ажратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда бу маблағлар ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳудудда қарийб 7 миллиард долларлик 106 та йирик лойиҳа бошланиб, улар орқали 18 мингта иш ўрни яратиш ва 700 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эришиш режалаштирилган.

Лойиҳалар саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва туризм каби турли соҳаларни қамраб олади. Хорижий ҳамкорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилиб, вилоятда саноатни диверсификация қилиш ва замонавий иқтисодий тизимни шакллантириш кўзда тутилган. Шунингдек, айрим туманларда сунъий интеллект асосида ривожланиш моделлари жорий қилиниб, ресурсларни самарали тақсимлаш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Уй-жой ва автомобил эскроу битимлари учун комиссия миқдори тасдиқланди

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда эскроу тизими орқали амалга ошириладиган уй-жой ва автомобил олди-сотди битимлари учун комиссиялар чекланади. Янги тартибга кўра, кўчмас мулк битимлари учун хизмат ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан (206 минг сўмгача), автотранспорт воситалари учун эса 25 фоизидан (103 минг сўмгача) ошмаслиги белгиланди.

Шунингдек, агар харидор ва сотувчига бир банк хизмат кўрсатса, комиссия бир марта ундирилади, турли банкларда бўлса — ҳар бири белгиланган лимитнинг ярмидан ошмаган қисмини олади. Битим бекор қилинган тақдирда маблағлар тўлиқ харидорга қайтарилади. Мазкур чекловлар давлат улуши мавжуд банкларга тааллуқли бўлиб, хусусий банклар тарифларни мустақил белгилайди.

Ўзбекистонда қайси давлат корхоналари кўп?

2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 18 770 тага етди. Шундан 4 365 таси қўшма корхона, 14 405 таси эса тўлиқ хорижий капиталга тегишли компаниялар ҳисобланади. Сўнгги беш йилда бундай корхоналар сони 1,4 баробарга ошган, хорижий компаниялар улуши эса 55,2 фоиздан 76,7 фоизгача кўтарилган.

Давлатлар кесимида энг кўп корхона Хитой ҳиссасига тўғри келади — 5 257 та. Кейинги ўринларда Россия (3 214 та), Туркия (2 173 та), Қозоғистон (1 232 та) ва Жанубий Корея (709 та) жойлашган. Мутахассислар бу ўсишни инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган ислоҳотлар билан изоҳламоқда.

Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

2026-йил 18-март куни Ўзбекистон Республикаси номидан биродар Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур эзгу ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди.

Умумий оғирлиги 290 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик юки – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, макарон, қандолат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат.

Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди

Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил 18 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Қарор инфляциянинг секин пасайиши, озиқ-овқат нархларидаги ўсиш ва иқтисодиётда юқори талаб сақланиб қолаётгани билан изоҳланди. Февраль ойида умумий инфляция 7,3 фоизни, базавий инфляция эса 6,3 фоизни ташкил этган.

Марказий банкка кўра, чакана савдо, кўчмас мулк бозори ва бюджет харажатлари иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватламоқда, бироқ ташқи хавфлар ва ишлаб чиқарувчилар нархларининг ўсиши инфляцияга босим ўтказиши мумкин. Шу боис пул-кредит сиёсати қатъий сақланиб, инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизга тушириш мақсад қилинган.

Теглар

Мавзуга оид