Logo

Фарғона водийсидан Самарқандга тезюрар поездда бориш имконияти пайдо бўлиши мумкин

Бугун 08:002 дақиқа

Тошкент—Андижон йўналишидаги тезюрар электропоездлар қатновини Самарқандгача узайтириш таклиф этилмоқда. Лойиҳада Фарғона водийсидаги поездлар қатновини ҳам кўпайтириш назарда тутилган.

Фарғона водийсидан Самарқандга тезюрар поездда бориш имконияти пайдо бўлиши мумкин © vaqt.uz

Транспорт вазирлиги ишлаб чиққан президент қарори лойиҳасига кўра, 2027 йил охиригача Андижон ва Самарқанд ўртасида тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ҳозирда Тошкент—Андижон йўналишида ҳаракатланаётган поездлар қатновини Самарқандгача узайтириш таклиф этилган.

Лойиҳа Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган. Ҳужжат ҳали қабул қилинмаган: у жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ва 11 ноябргача муҳокамада бўлиши белгиланган.

Поездлар қатнови ва транспорт боғламалари кенгайтирилади

Қарор лойиҳасида фақат Андижон—Самарқанд йўналишини ташкил этиш эмас, балки пойтахт ва Фарғона водийсидаги бошқа темирйўл қатновларини ҳам ривожлантириш таклиф қилинган.

Хусусан, 2027 йил июлидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини қамраб олувчи ягона транспорт боғламасини шакллантириш режалаштирилмоқда. У «Тошкент-Шимолий» ва «Тошкент-Жанубий» темирйўл вокзаллари, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда пойтахт марказий автовокзалини ўзаро боғлаши керак.

Шунингдек, Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан пойтахтга келадиган йўловчилар учун шаҳар атрофи электропоездлари қатновини 1,5 баробарга ошириш таклиф қилинган. Йўловчиларнинг метро бекатларига ўтишини енгиллаштириш учун тўғридан-тўғри трансферларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Фарғона водийсида эса 2028 йил охиригача Қўқон—Поп—Наманган—Андижон—Марғилон—Қўқон ҳалқа йўналиши бўйлаб кунлик электропоездлар қатновини икки баробарга ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада 2030 йилгача маҳаллий йўналишларда ҳаракатланадиган электропоездлар сонини 30 тага, йўловчи вагонлари паркини эса 650 тага етказиш мақсади ҳам белгиланган.

Тошкент—Андижон йўналишида тезюрар поездлар қатнови бошланган

2026 йил 10 сентябрдан Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида Хитойнинг CRRC Dalian компанияси ишлаб чиқарган электропоезд қатнай бошлади. Поезд Тошкентдан Андижонга Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон орқали бориб, йўлни 4 соат 15 дақиқада босиб ўтади.

Ўзбекистон Туризм қўмитасининг расмий хабарига кўра, биринчи поезд тўрт вагондан иборат бўлиб, 357 нафар йўловчига мўлжалланган. Унинг максимал тезлиги соатига 160 километрни ташкил этади.

21 октябрдан бошлаб шу йўналишда иккинчи тезюрар электропоезд ҳам қатнай бошлади. «Ўзтемирйўловчи» маълумотларига кўра, иккинчи поезд бешта эконом тоифасидаги вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчига мўлжалланган.

Теглар

Мавзуга оид