add

Фуқаролар энди қониқарсиз давлат хизматига «икки» баҳо қўя олади

Кеча 16:352812 дақиқа

Қониқарсиз деб баҳолаган бундай хизматлар автоматик тарзда текширувга олинади ва ваколатли органлар бартараф қилиш чораларини кўради.

Фуқаролар энди қониқарсиз давлат хизматига «икки» баҳо қўя олади

Энди фуқаро давлат хизматидан фойдаланганидан сўнг хизмат кўрсатиш жойида жойлаштирилган махсус QR-кодни сканер қилиб, унга кўрсатилганхизматга «1»дан «5»гача баҳо бериши ва ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин.

Баҳолаш жараёни тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади.

Давлат хизматлари сифати энди бевосита аҳоли фикри асосида баҳоланишини белгилувчи ҳужжат сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 декабрдаги 792-сон қарори билан «Давлат хизматларини кўрсатиш сифатини аҳоли томонидан баҳолаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари аниқ белгилаб берилган. Улар хизмат кўрсатиш сифати, хизматнинг ўз вақтида кўрсатилиши ҳамда хизматдан фойдаланиш имкониятидан иборат. Мазкур мезонлар орқали давлат органлари фаолиятининг амалдаги ҳолати ўрганилади.

Агар хизмат «3» ёки ундан паст баҳо билан баҳоланса ёки салбий фикр билдирилса, ушбу маълумотлар автоматик равишда тегишли ваколатли органлар ҳамда Адлия вазирлигига юборилади. Кейинчалик мазкур ҳолатларга сабаб бўлаётган омиллар ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Қайд этилишича, агар кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан баҳолаш натижалари яхшиланмаса, Адлия вазирлиги томонидан масъул ходимларни давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидан четлаштириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан ваколатли органга тақдимнома киритилади.

Баҳолаш натижалари асосида давлат хизматлари сифати бўйича ваколатли органлар ва ҳудудлар кесимида рейтинг шакллантирилади. Ушбу рейтинг ҳар чорак, ярим йил ва йил якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Теглар

Мавзуга оид