Logo

«Газ ҳеч кимга етмаяпти»: Бош вазир ўринбосари қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга чақирди

Бугун 20:252 дақиқа

Жамшид Ходжаев Хоразмдаги тадбиркорлар билан учрашувда мамлакатдаги газ тақчиллигини сабаб қилиб кўрсатиб, шундай мазмунда фикр билдирди.

«Газ ҳеч кимга етмаяпти»: Бош вазир ўринбосари қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга чақирди

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришда газдан фойдаланишни қисқартириб, қайта тикланувчи энергия манбаларига эътиборни кучайтириш лозим. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 август куни Хоразм вилояти тадбиркорлари билан ҳукумат комиссиясининг очиқ мулоқотида Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев маълум қилди, дея ёзмоқда «Spot» нашри.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Алишер Душанов «Odas Enerji CA» газ-поршенли электр станциясининг қуввати 174 МВтни ташкил этса-да, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази ундан атиги 50−60 МВт электр энергияси буюртма қилаётганини таъкидлаган.

Бунга қуёш электр станциялари томонидан энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ошгани сабаб қилиб кўрсатилган. Шу муносабат билан, ҳоким ўринбосари Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»дан корхона ишлаб чиқарган электр энергиясини 100 фоиз ҳажмда қабул қилишни таъминлашни сўраган.

«Электр энергияси етказиб бериш бўйича буюртмалар камайгани сабабли корхона паст қувватда ишламоқда. Илтимос, Энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон миллий электр тармоқлари унинг ишлаб чиқарган электр энергиясини 100 фоиз ҳажмда қабул қилишини таъминласин», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Хабарга кўра, Жамшид Ходжаев давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича шартнома шартлари билан қизиққанда, келишувда ишлаб чиқарилган барча электр энергиясини сотиб олиш мажбурияти йўқлиги ва харид фақат давлат эҳтиёжидан келиб чиқиб амалга оширилиши маълум бўлган.

Шунингдек, корхона вакили станция айнан газдан фойдаланишини тасдиқлаган.

«Мен энергетика вазири бўлганимда, газдан фойдаланишни қисқартириб, қуёш энергиясига эътиборни кучайтирган бўлардим. Газнинг ўзи ҳам етишмаяпти — аҳолига ҳам, ҳеч кимга ҳам етарли эмас», — дейди Бош вазир ўринбосари.

Натижада, Жамшид Ходжаев фақат зарурат туғилгандагина мазкур корхонадан электр энергияси харид қилиш масаласини баённомага киритишни топширган.

«Odas Enerji CA» корхонаси ҳақида

«Spot»нинг ёзишича, «Odas Enerji CA» корхонаси 2026 йилнинг январ-июн ойларида 168 миллиард сўмлик электр энергияси ишлаб чиқарган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 миллиард сўмга камдир.

Маълумот ўрнига, Туркиянинг «Odas Enerji CA» компанияси томонидан 2022 йил март ойида Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 105 миллион доллар инвестиция эвазига 174 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станцияси ишга туширилган. Станция йилига 1,4 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва бу орқали 175 миллион куб метр табиий газни тежаш мақсадида барпо этилган.

Корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида «Hidro Enerji Elektrik Üretim Sanayi Anonim Şirketi» рўйхатдан ўтган.

Теглар

Мавзуга оид