
Ҳафта давомида ўзбекистонликларни ёмғир ва қорли кунлар кутмоқда
15–20 декабр кунлари республика бўйлаб ҳаво ўзгарувчан бўлади. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик ва қор кўчиши хавфи сақланиб қолади.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 15 декабр куни Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ўзгарувчан бўлади. Республика бўйича асосан ёғингарчилик кутилмайди, аммо эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, шунингдек куннинг биринчи ярмида Фарғона водийсида баъзи жойларда ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда эса у қорга айланиши мумкин. Айрим жойларга туман тушиши эҳтимоли бор.
15 декабр куни ҳаво ҳарорати республика бўйича 0...+5 даража илиқ, жанубий ҳудудларда эса +5...+10 даража илиқ атрофида бўлади. Ғарбдан эсувчи шамол тезлиги секундига 7–12 метрга етади. Тошкент шаҳрида эса эрталаб ёмғир ва қор кўринишида ёғингарчилик бўлиши, кундузи эса ҳаво асосан қуруқ сақланиши кутилмоқда.
16 декабр кунидан бошлаб республика ҳудудларида ҳаво ўзгарувчан тусда сақланади. Айрим вилоятларда кечқурун ёмғир ёки қор ёғиши мумкин, туман тушиши эҳтимоли ҳам бор. Ҳарорат кундузи +5...+13 даража илиқ, кечаси эса 0...-5 даража совуқ атрофида бўлади.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик давом этиб, айрим жойларда қор ёғиши кучайиши мумкин. Хусусан, Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда. Шу боис, аҳолидан эҳтиёткорлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда.
17–20 декабр кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, бир қатор вилоятларда ёғингарчилик ва ҳароратнинг пасайиши кузатилади. Айрим ҳудудларда туман тушиши ҳамда шамол тезлигининг ошиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида асосан ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 19 декабр куни Қорақалпоғистоннинг айрим жойларида қор ёғиши мумкин. Бу ҳудудларда кечаси ҳаво ҳарорати -3...-10 даража совуқ, кундузи эса -2 даража совуқдан +3 даража илиққача бўлади. Шамол шарқий йўналишдан ғарб томонга ўзгариб, секундига 7–12 метр тезликда эсади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида 18 декабр куни айрим жойларда ёмғир ва қор кўринишида ёғингарчилик кузатилиши мумкин. 20 декабр куни эса баъзи ҳудудларда қор ёғиши эҳтимоли бор. Навоий вилоятининг шимолий қисмларида совуқ кучлироқ бўлиб, кечаси -10 даражагача пасайиши мумкин.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 17 декабр куни ёмғир, 18 декабр куни ёмғир ва қор, 19–20 декабр кунлари эса айрим жойларда қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат кундузи 0...+7 даража илиқ атрофида бўлиб, кечалари айрим жойларда совуқ кузатилади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 17–18 декабр кунлари ёмғир ёғиши, кейинчалик қорга айланиши мумкин. 20 декабр куни айрим ҳудудларда қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат аста-секин пасайиб, кундузи 0...+5 даража илиққача тушади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам 17–18 декабр кунлари ёмғир, 19–20 декабр кунлари эса қор ёғиши эҳтимоли бор. Республика тоғ олди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қор ёғиши давом этиб, йўл ҳаракатида эҳтиёткорлик талаб этилади.





