Ҳафта дайжести: See Breezeʼнинг старт олиши, Женнифер Лопеснинг концерти ва мажбурий меҳнатдан қутилолмаётган ўқитувчилар
10.08.2025 | 10:0018 дақиқа
Ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни Vaqt.uz энди видеоформатда тақдим этади.

Шубҳасиз, ҳафтанинг энг муҳим воқеаси «Sea Breeze Uzbekistan» бўйича ҳукумат қарори бўлди. 1 август куни имзоланган ҳужжатда Жамоатчилик орасида катта муҳокамаларни келтириб чиқарган лойиҳани амалга ошириш шартлари белгиланди
Қарорга кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 га ер майдонида қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Озарбойжоннинг «Agalarov Development» МЧЖ иштирокида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасининг таклифлари энг яхши таклиф сифатида танлаб олинган. Қизиғи, ҳукумат қарори 1 август куни эълон қилинган бўлса, Қўшма корхона 4 август куни давлат рўйхатидан ўтгани маълум бўлди.
Ҳукумат қарорида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ ҚКга лойиҳани амалга ошириш бўйича бир қатор ҳуқуқ ва вазифалар ҳам белгиланган.
Жумладан, лойиҳа қурилишида Чорвоқ сув омборига бир томчи ҳам оқова сув туширилмаслиги шарт этиб белгиланди. Қурилиш ва ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларни Чирчиқ шаҳри оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижрага ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.
Лойиҳани амалга оширишда бузиладиган ҳар қандай хусусий мулк объектлари, шу жумладан, дала ҳовлилар ва мулкчиликнинг бошқа шакллари компенсацияланади.
Яшил майдонлар экологик ва эстетик қиймати даражасига кўра таснифланади ва энг муҳим намуналарга нисбатан кесиш эмас, балки кўчириб ўтказиш чоралари кўрилади.
«Sea Breeze Uzbekistan» Чорвоқ туристик зонаси иштирокчиси сифатида эркин иқтисодий зона мақомини олди. Бу унга Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунларга мувофиқ барча солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Лойиҳа амалга оширилиши давомида «Sea Breeze Uzbekistan» четдан олиб кириладиган ускуналар ва қурилиш материаллари учун қўшимча харажат қилмайди. Бу эса Чорвоқ ҳудудида йирик туристик инфратузилма қурилишини тезлаштириши ва сармоя миқдорини сезиларли даражада қисқартириши кутилмоқда.
Тонировка арзонлашдими ёки янги тўлов билан қимматлашдими?
Янги қарорга кўра, ёз ойларида автоойна қорайтиришга имтиёзлар берилди. Аммо шундай шароитда — ортиқча тўлов ва тушунмовчиликлар ҳам пайдо бўлди. Янгилик нимада ва нима ўзгарди — ҳозир кўриб чиқамиз.
Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосланган янги тартибга кўра, энди Ўзбекистонда ҳар йили 1 майдан 31 августгача M1 тоифасига кирувчи автотранспорт воситалари (булар ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган енгил автомобиллар) учун ёз ойларида орқа ва олд ён ойна шишаларини қорайтиришга енгилликлар берилади.
Ёз ойларида тонировка қилиш учун жисмоний ва юридик шахслардан 1 БҲМ — яъни 412 минг сўм тўлов ундирилади. Тўлов рухсатнома расмийлаштирилган санага боғлиқ бўлмайди, тўрт ой учун тўлиқ бир мартада амалга оширилади.
Бу мудатдан бошқа вақтларда қуйидагича нарх амал қилади:
- Орқа ён ойналар ва орқа ойна — бепул
- Олд эшиклар ойналари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробари, яъни 3 млн 296 минг сўм.





