
Ҳайратон биринчи: Афғонистон портларини модернизация қилишга киришди
Лойиҳа транзит ва савдо имкониятларини кенгайтиради.

Афғонистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирлигининг DP World компанияси мамлакатнинг қуруқликдаги муҳим тижорат портларини модернизация қилиш бўйича инвестиция шартномасини имзолади. Бу ҳақда Ariana News хабар берди.
Келишувга кўра, Афғонистон портлари замонавийлаштирилади ва илғор технологиялар билан жиҳозланади.
Таъкидланишича, аввал Ҳайратон, сўнгра Торхам порти модернизация қилинади, кейинчалик эса лойиҳа мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этилади.
Компания лойиҳанинг Афғонистонда савдо ҳажмини кенгайтириши ва янги иш ўринларини яратишини таъкидламоқда.
«Шартнома хорижий сармояларни жалб қилиш, логистикани янгилаш ва Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга йўл очади», - дейилади хабарда.





