Ҳўрмуз бўғози ёпилиши озиқ-овқат инқирози хавфини кучайтирди

Форс кўрфази давлатлари озиқ-овқатнинг катта қисмини импорт қилгани сабабли Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар минтақада жиддий таъминот муаммоларини келтириб чиқариши мумкин.

Ҳўрмуз бўғози ёпилиши озиқ-овқат инқирози хавфини кучайтирди

Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши Арабистон ярим оролидаги давлатларда озиқ-овқат таъминотига жиддий таҳдид солмоқда.

Импортга юқори даражада қарамлик

Британиянинг «Financial Times» нашрига кўра, бу ҳолат Форс кўрфази мамлакатларида маҳсулотлар тақчиллигига олиб келиши мумкин.

Нашр маълумотларига кўра, минтақа давлатлари озиқ-овқат истеъмолининг қарийб 90 фоизини импорт орқали қоплайди.

Шу боис ташқи таъминот йўлларидаги ҳар қандай узилиш иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин.

Таъминот занжирига зарба

«Chatham House» халқаро муносабатлар институти эксперти Нил Киллиамнинг таъкидлашича, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва Саудия Арабистони импорт маҳсулотларининг тахминан 70 фоизини айнан Ҳўрмуз бўғози орқали олади. Шу сабабли мазкур транспорт йўлининг ёпилиши минтақанинг таъминот занжирига кучли зарба бериши мумкин.

Маълум қилинишича, Эрон томонидан бўғознинг амалда ёпиб қўйилиши ортидан минтақа давлатлари муқобил логистика йўлларини излашга киришган. Улар Қизил денгиз портлари орқали ташиш, шунингдек қуруқлик ва ҳаво йўлларидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўғит ва озиқ-овқат нархлари ўсмоқда

«Financial Times» аввалроқ Яқин Шарқдаги уруш ўғит етказиб беришда ҳам жиддий узилишлар келтириб чиқарганини ёзган эди. Бу ҳолат эса глобал озиқ-овқат бозорига босимни кучайтириши мумкин.

Газета ҳисоб-китобларига кўра, ўғитлар нархи кескин ошган. Масалан, карбамид нархи 130 долларга қимматлашиб, бир тоннаси 650 долларга етган. Аммиак эса ҳозирда тоннаси 725 доллардан сотилмоқда, бу феврал ўрталаридаги кўрсаткичдан 130 долларга юқори.

Таҳлилчиларнинг фикрича, таъминот занжиридаги бу узилишлар Европа бозорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Яқин ҳафталарда нон, тухум, гўшт каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши эҳтимоли юқори.

Теглар

Мавзуга оид