add

Ифлос ҳаво: бир кунда неча дона сигарета «чекаётганингизни» биласизми?

02.12.2025 | 17:384662 дақиқа

Дунёда ҳаво ифлосланиши шундай даражага етдики, айрим минтақаларда инсонлар йил давомида юзлаб сигаретага чекканга тенг заҳарли моддаларни нафас орқали ютаётган бўлиб чиқмоқда.

Ифлос ҳаво: бир кунда неча дона сигарета «чекаётганингизни» биласизми?

Катта ёшдаги бир инсон кунига ўртача 11 минг литр ҳаво нафас олади. Тоза ҳаво соғлиқ учун фойдали бўлгани каби, бутун дунё бўйлаб ҳаво таркибидаги заҳарли моддалар энг хавфли экологик омиллардан бири саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши ҳар йили 7 миллионга яқин инсоннинг барвақт ўлимига сабаб бўлади.

Мутахассислар айниқса PM2.5 — инсон сочидан 30 баробар кичик бўлган зарарли майда заррачалар ҳақида огоҳлантиради. Двигател чиқиндилари ва турли ёнилғи ёнғинларидан чиққан ушбу заррачалар ўпканинг энг чуқур қисмига етиб боради ва қон айланиш тизимига кириб кетади.

«Tobacco Control» тадқиқотига кўра, битта сигарета тутуни дизел мотор чиқиндисига нисбатан 10 баробар кўпроқ PM2.5 чиқаради. Бироқ чекишни ташлаш осон бўлса, шаҳар ва хона ичидаги ҳаводаги заҳарли заррачалардан қочиш анча мушкул.

Дунёда ҳаво сифати жуда кескин фарқ қилади. Айрим шаҳарларда ҳаводаги PM2.5 миқдори шундай даражага етганки, статистик ҳисоб-китобга кўра, инсонлар бехабар ҳолда ҳар йили юзлаб сигарета чекканга тенг заҳар истеъмол қилмоқда. Бундай қиёс инсонларга хавф даражасини оддий ва тушунарли шаклда етказиш учун ишлатилади.

Халқаро экологик платформалар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳаво сифати маълумотларини қайта ишлаб, ҳар бир мамлакат фуқаросининг «ифлос ҳаво туфайли қанча сигарета чеккандай бўляпти» деган кўрсаткични ҳисоблаб чиқмоқда. Масалан, ҳавоси ўта ифлос минтақаларда яшовчи инсонлар учун бу кўрсаткич йилига 800–1000 сигаретага тенг бўлиши мумкин.

Бундай тахминлар аҳолини хавфдан хабардор қилиш ва давлатларга қатъий экология сиёсати юритиш зарурлигини яна бир бор кўрсатади. Экологик ислоҳотлар, автомобиль чиқиндиларини камайтириш, яшил энергетикага ўтиш ва хаво мониторинги тизимларини янгилаш — одам саломатлигини сақлашнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид