Logo

ИИВ мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилиниши сабабларини тушунтирди

Бугун 09:002 дақиқа

ЙҲХХга кўра, кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талабларини кучайтириш қарори бежиз қабул қилинмаган — бунга йўллардаги реал вазият ва минглаб қоидабузарликлар сабаб бўлмоқда.

ИИВ мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилиниши сабабларини тушунтирди

Ўзбекистонда мопед ва скутерлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда қоидабузарликлар сони кескин ошгани сабабли, уларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш талаби қатъийлаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида ушбу турдаги транспорт воситалари иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Оқибатда 488 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлса, 89 киши ҳалок бўлган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати статистикасига кўра, 2025 йил давомида мопед ва скутер бошқарган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 300 га яқин ҳолат аниқланган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич қарийб 20 баробарга кўпайиб, 4 312 тани ташкил қилган. Шунингдек, 162 та ҳолатда ҳайдовчилар транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз ҳамда маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.

Зоир Йўлдошевнинг таъкидлашича, келтирилган рақамлар кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талабларини кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.

«Ўтган тўққиз ойда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган 89 та мопед ва скутер ҳайдовчиси аварияларда вафот этди. Бу — ойига ўнта ёки ҳар уч кунда битта мопед ёки скутер ҳайдовчиси аварияда ўляпти дегани. Биз бундай одамларга: «Билимга эга бўлинг, гувоҳнома олинг, билимингиз бўлса, йўлда ўзингизни қандай асраб юришни ўрганасиз», — деяпмиз. Ҳуқуққа, билимга эга бўлмаганларнинг мототранспортлардан фойдаланишларини чеклаяпмиз», — деди Йўлдошев.

Масъулнинг тушунтиришича, мопед ва скутерлардан давлат рақам белгиси ва ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилиш кеча ёки бугун бошланмаган. Ҳукуматнинг 2024 йил 17 июлдаги 429-сон қарори билан ушбу транспорт воситалари учун алоҳида давлат рақам белгилари жорий қилинган эди.

Амалдаги тартибга кўра, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километргача бўлган, двигатель ҳажми 25 куб сантиметргача ёки номинал қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмли мототранспорт воситаларидан давлат рақам белгилари талаб этилмайди, бироқ уларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида гувоҳнома олиш тартиби соддалаштирилган. Унга кўра, «А» кичик тоифасини (А1) олиш учун автомактаблардаги мажбурий ўқув курсларида ўқиш талаб этилмайди — фуқаролар имтиҳонларга мустақил тайёрланиб, тўғридан-тўғри имтиҳон топшириши мумкин. Бошқа тоифалар учун назарий имтиҳонларда 20 та саволдан 18 та тўғри жавоб талаб қилинса, мазкур тоифани олиш учун 16 та тўғри жавобнинг ўзи кифоя қилади.

Шунингдек, «А», «В», «С», «D» сингари бошқа ҳайдовчилик тоифаларидан бирига эга бўлган шахслардан қўшимча равишда «А» кичик тоифасини олиш талаб қилинмайди.

Теглар

Мавзуга оид