Инфратузилма муаммоларини бартараф этишга 20 трлн сўм маблағ ажратилди

Инфратузилма масаласида 25 мингта ариза келиб тушган, улардан 2 мингта маҳалла бирор марта «Ташаббусли бюджет»да лойиҳа жойлаштирмаган.

Инфратузилма муаммоларини бартараф этишга 20 трлн сўм маблағ ажратилди

2025 йил давомида энергетика, йўл ва сув инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар бўйича 109 мингдан ортиқ мурожаат йўлланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Мурожаат кўпайган ҳудудлар

Хусусан, Андижон вилоятидаги Асака, Шаҳрихон ва Избоскан туманлари, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани, Сурхондарёдаги Шўрчи ва Денов, Қашқадарё вилоятидаги Ғузор, Қамаши ва Деҳқонобод туманларида инфратузилма билан боғлиқ мурожаатлар кўпайган. Шунингдек, Самарқанд, Наманган, Термиз, Қарши ва Андижон шаҳарларида ҳам аҳолининг ушбу соҳадаги шикоятлари кўплиги қайд этилди.

Муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилда инфратузилмани яхшилаш ишлари учун 20 триллион сўм маблағ ажратилгани маълум қилинди. Йиғилишда ҳокимларга ушбу маблағларни биринчи навбатда энг кўп шикоят тушаётган маҳаллаларга йўналтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қайд этилишича, агар маблағлар айнан аҳолини энг кўп безовта қилаётган ҳудудларга сарфланса, бу нафақат муаммоларни тезроқ ҳал қилиш, балки мурожаатлар сонини ҳам қисқартиришга хизмат қилади.

Йиғилишда «Ташаббусли бюджет» дастурининг маҳаллалардаги инфратузилма муаммоларини ҳал қилишда самарали механизм экани алоҳида таъкидланди. Ушбу дастур орқали аҳоли ўз ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун лойиҳаларни таклиф қилиши ва маблағ ажратилишига эришиши мумкин.

Бироқ маълум қилинишича, инфратузилма масалалари бўйича 25 мингта мурожаат келиб тушган 2 мингта маҳалла ҳалигача «Ташаббусли бюджет» дастурида бирор марта ҳам лойиҳа жойлаштирмаган.

Мутасаддиларга Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиб, ана шу маҳаллаларга лойиҳалар тайёрлаш ва дастурда иштирок этишда амалий кўмак бериш зарурлиги таъкидланди. Бу орқали кўплаб инфратузилма муаммоларини жойида ҳал қилиш имконияти пайдо бўлиши қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид