
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам пули бериш бошланди
Ушбу моддий ёрдам дастури учун жами 1,2 трлн сўм маблағ молиялаштирилиши маълум қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 1 майдаги ПҚ–134-сонли қарорига мувофиқ, ноябр ойида ҳар бир эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши бошланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари томонидан фуқароларга махсус флаерлар тарқатилиб, моддий ёрдамни олиш тартиби ва ҳар ойлик компенсациялар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, газ ва электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Маълумот учун, мазкур дастур доирасида рўйхатга олинган оилалар сони 1,1 миллиондан ошган бўлиб, уларнинг 822 мингтаси ижтимоий реестрда мавжуд. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” томонидан яна 290 мингдан ортиқ оила қўшимча равишда аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, моддий ёрдам олиш учун аризалар 1 октябргача қабул қилинган бўлиб, улар “Маҳалла еттилиги” томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган.





