
Исроил кўчманчилари фаластинликлар ва журналистларга ҳужум қилди
Ғарбий қирғоқда зайтун ҳосилини йиғиш учун йиғилган фаластинликлар, фаоллар ва журналистларга Исроил кўчманчи аҳолиси ҳужум қилди.

8 ноябр куни Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий қирғоқдаги Бейта қишлоғи яқинида зайтун терими пайтида фаластинлик деҳқонлар ва уларга ёрдам бераётган фаоллар ҳамда журналистлар гуруҳига Исроил кўчманчи аҳолиси ҳужум қилди. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, «Reuters» ахборот агентлигининг икки ходими жароҳат олган. Гувоҳлар айтишича, ҳужум қилганлар таёқ ва тошлар билан қуролланган бўлиб, улар 30 га яқин фаластинлик ва 10 га яқин журналист иштирок этган майдонга тепаликдаги манзилгоҳдан тушиб келган.
Исроиллик ҳуқуқ ҳимоячиси Жонатан Поллакнинг таъкидлашича, ҳужумда тахминан 50 нафар ниқобли манзилгоҳ аҳолиси қатнашган. Улар иброний тилида «Бу ердан кетинглар!» деб бақиришган. Журналистлар матбуот ёрлиғи бор жилет ва дубулғалар кийган бўлганига қарамай, уларнинг камераси синдирилган.
Жароҳат олганлар Наблус шаҳридаги шифохонага етказилган. «Reuters» баёнотида Исроил расмийларига ҳодисани тўлиқ тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш, журналистларнинг хавфсиз меҳнат шароити таъминланиши талаб қилинди.
БМТ маълумотларига кўра, жорий йил октябр ойида манзилгоҳ аҳолиси фаластинликларга қарши камида 264 ҳужум амалга оширган. Бу 2006 йилдан бери қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткичдир. Исроилдаги ҳуқуқ ташкилотлари эса бундай ҳолатлар деярли жазосиз қолишини таъкидламоқда.





