Исроилда фаластинликлар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун муҳокамада

Бугун 19:202 дақиқа

Кнессет фаластинлик маҳбусларга ўлим жазосини бериш тўғрисидаги қонунни якуний босқичга олиб чиқди. Халқаро ҳамжамият ва БМТ буни инсон ҳуқуқларига зид деб баҳоламоқда.

Исроилда фаластинликлар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун муҳокамада

Исроил парламенти (Кнессет) терроризмда айбланган фаластинликлар учун ўлим жазосини жорий этиш тўғрисидаги энг баҳсли қонун лойиҳасини якуний овоз бериш босқичига олиб чиқди. Итамар Бен-Гвир бошчилигидаги «Оцма Йеҳудит» партияси томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус Кнессетнинг миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан маъқулланди. Қонун лойиҳасига кўра, маҳбуслар ҳукм чиқарилгандан кейин 90 кун ичида осиб ўлдирилиши керак, деб ёзмоқда «The Guardian».

Янги тартиб судларга прокуратура сўровисиз ва бир овоздан эмас, балки оддий кўпчилик овози билан ўлим ҳукмини чиқариш ҳуқуқини беради. Маҳбуслар тўлиқ изоляцияда сақланади, адвокатлар билан фақат видеоалоқа орқали гаплаша олади. «Бу қонун Исроил жиноят қонунчилигининг кескин эскалациясидир», — дея огоҳлантирмоқда ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари.

Итамар Бен-Гвир дор белгисини тақиб олиб, бу усулни «энг мақбул вариант» деб атади ва ҳатто ижро жараёнида қатнашишга тайёр шифокорлар борлигини иддао қилди. Бироқ Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТ экспертлари буни «яшаш ҳуқуқининг бузилиши ва қийноқ» деб баҳоламоқда. Исроилда ўлим жазоси сўнгги марта 1962 йилда нацист жиноятчи Адолф Эйхманга нисбатан қўлланилган эди.

Ҳуқуқий ва дипломатик хатарлар

Исроил ҳарбийлари ва адлия вазирлиги мулозимлари ушбу қонун халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузишини таъкидламоқдалар. Бу ҳолат исроиллик қўмондонларга нисбатан халқаро ҳибсга олиш ордерлари чиқарилишига сабаб бўлиши мумкин. Европа Иттифоқи дипломатик хизмати ҳам ташаббусни кескин қоралаб, ўлим жазоси қийноқларни тақиқловчи мутлақ меъёрларга зид эканини билдирди.

Қонунда фаластинликлар учун апелляция ёки авф этиш имконияти деярли ёпиб қўйилган бўлса, Исроил ичида судланганлар учун ҳукмни умрбод қамоқ жазосига алмаштириш эҳтимоли қолдирилган. Бундай дискриминация экспертлар томонидан алоҳида танқид қилинмоқда. Ҳарбий судлар босиб олинган ҳудудларда ҳам ўлим ҳукмини чиқариш ваколатига эга бўлади, бу эса вазиятни янада мураккаблаштиради.

Маънавий ва сиёсий оқибатлар

«B’Tselem» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Юли Новакнинг айтишича, Исроил аллақачон фаластинликларни қамоқхоналарда ва ҳарбий операциялар давомида тизимли равишда ўлдириб келмоқда. Унинг фикрича, ушбу қонун шунчаки мавжуд арсеналга қўшилган янги қонуний қурол бўлади. Қонун лойиҳаси нафақат Фаластин, балки Исроилнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам тиклаб бўлмас зарар етказиши кутилмоқда.

БМТ экспертлари Исроилни қонун лойиҳасидан воз кечишга чақириб, унда ишнинг енгиллаштирувчи ҳолатларини ҳисобга олиш имконияти йўқлигини таъкидлашди. Суд ва прокуратуранинг ваколатлари чекланиши адолатли судлов тамойилларини бутунлай йўққа чиқаради. Шунга қарамай, ҳукумат коалицияси ички сиёсий босим остида ушбу баҳсли чорани қабул қилишга қатъий интилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид