Logo

Жаҳон банки Афғонистон иқтисодиёти ва сув хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётганидан огоҳлантирди

Банк мамлакат иқтисодиёти олдида турган асосий муаммолардан бири сифатида аҳолининг тез суръатларда кўпаяётганини қайд этди. Покистон орқали ўтадиган савдо йўллари ёпилгач, Афғонистон импортининг 97 фоизи ҳозирда Марказий Осиё давлатлари ва Эрон орқали амалга оширилмоқда. Иқтисодий таҳлилчи минтақа давлатлари, аввало, ўз маҳсулотларини Афғонистонда сотишга интилаётганини айтди.

Жаҳон банки Афғонистон иқтисодиёти ва сув хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётганидан огоҳлантирди © wikipedia.org

Жаҳон банки сўнгги ҳисоботида Афғонистон иқтисодиёти 2026-йилда 3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Бу мамлакатда мавжуд муаммоларга қарамай, иқтисодий фаоллик давом этаётганини кўрсатади.

Ҳисоботга кўра, келгуси икки йилда ҳам иқтисодий ўсиш давом этиши кутилмоқда. Хусусан, Афғонистон иқтисодиёти 2027-йилда 3,3 фоизга, 2028-йилда эса 3,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий таҳлилчи Қутбиддин Ёқуби юқорироқ иқтисодий ўсишга эришиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш учун инфратузилма соҳаларига, айниқса, қишлоқ хўжалигига сармоя киритиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу соҳанинг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринларини яратиш мумкин.

Ташқи савдо борасида эса Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2026-молия йилининг дастлабки олти ойида Афғонистон импорти 2,2 фоизга ошиб, 6,6 миллиард долларга етган. Экспорт 15,1 фоизга камайганига қарамай, Жаҳон банки мамлакатнинг савдо йўналишларида ҳам ўзгаришлар юз берганини қайд этди. Хусусан, Покистон орқали ўтадиган савдо йўллари ёпилгач, Афғонистон импортининг 97 фоизи ҳозирда Марказий Осиё давлатлари ва Эрон орқали амалга оширилмоқда.

Иқтисодий таҳлилчи Абдул Носир Рештиянинг айтишича, минтақа давлатлари, аввало, ўз маҳсулотларини Афғонистонда сотишга интилмоқда. Бироқ Афғонистоннинг қўшни ва минтақадаги бошқа давлатларга экспорти ошмаса, янги иш ўринларини яратиш қийин бўлади.

«Импортнинг кўпайиши мамлакат ичидаги иш ўринлари сонига салбий таъсир қилиши мумкин. Экспортнинг ошиши эса иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринларини яратиш учун имконият беради», — деди у.

Жаҳон банки Афғонистон иқтисодиёти олдидаги яна бир жиддий муаммо сифатида аҳолининг тез кўпайишини кўрсатди. Ҳисоботда қайд этилишича, 2026-йилда мамлакат аҳолиси 6,6 фоизга ошиши кутилмоқда. Шу сабабли аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 3,3 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, ташкилот мамлакатдаги бандлик ҳолати ва аҳолининг харид қобилиятидан хавотир билдирган. Прогнозларга кўра, келаётган қиш мавсумида озиқ-овқат етишмовчилиги жиддий даражага етадиган аҳоли сони 19,2 миллион кишига чиқиши мумкин. Иқтисодиёт вазирининг касбий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Латиф Назари қиш мавсумида Афғонистонда озиқ-овқат танқислиги кучайиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда аҳолининг харид қобилиятини яхшилаш ва иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Шу билан бирга, халқаро ҳамжамиятни қиш мавсумида Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам ҳажмини оширишга чақирамиз», — деди у.

Ҳисоботнинг яна бир қисмида Жаҳон банки сув танқислигини Афғонистон учун жиддий муаммо сифатида баҳолади. Ташкилот чучук сув захиралари камайиб бораётгани ва ерости сувларидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилаётганидан огоҳлантирди. Бу муаммо, айниқса, Кобул шаҳрида кескин тус олмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири ортиқча электр энергияси Афғонистонга экспорт қилинишини айтганди.

Теглар

Мавзуга оид