add

Жаҳон банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 105 млн доллар ажратади

16.12.2025 | 18:582182 дақиқа

Ушбу маблағ кредит ва грантдан иборат бўлиб, «Иш ўринларини яратиш ва бизнесни ривожлантириш учун молиялаштиришдан фойдаланиш» лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 105 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 105 млн долларлик молиялаштиришни маъқуллади. Пакет 100 млн долларлик кредит ва 5 млн долларлик грантдан иборат бўлиб, «Иш ўринларини яратиш ва бизнесни ривожлантириш учун молиялаштиришдан фойдаланиш» (FINGROW) лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа капитал танқислигига дуч келаётган микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг (МКЎК) банк кредитлари ва хусусий инвестицияларга кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Жаҳон банкига кўра, МКЎКлар Ўзбекистондаги корхоналарнинг 90 фоизидан ортиғини ташкил этиб, бандликнинг 75 фоизини ва ЯИМнинг қарийб 55 фоизини яратади. Шунга қарамай, молиялаштиришга кириш ҳали ҳам чекланган бўлиб, кичик корхоналарнинг атиги 10 фоизи, ўрта корхоналарнинг 16 фоизи кредитга эга.

Банк ҳисоботига кўра, МКЎКларнинг кредитларга бўлган умумий талаби 13 миллиард долларга баҳоланади, молиялаштириш тақчиллиги эса тахминан 6 миллиард долларни ташкил қилади. Хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган корхоналарда чекловлар янада кучли: уларга ажратилган кредитлар улуши 14 фоиздан ошмайди.

FINGROW лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси орқали амалга оширилади. Компаниянинг шўба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда кредит кафолатлари бериш ва корхоналар капиталига инвестицияларни жалб этишга кўмаклашади.

2030 йилга қадар лойиҳа 7 мингта МКЎК, жумладан 4,5 мингта аёллар ва ёшлар бошчилигидаги корхонага молиялаштиришдан фойдаланиш имконини яратиши, 100 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Шунингдек, қўшимча 500 млн долларгача хусусий капитални жалб этиш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид

Жаҳон банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 105 млн доллар ажратади | Vaqt.uz