Жанубий Кореянинг машҳур ит гўшти бозори ҳувиллаб қолди
Ит гўшти билан боғлиқ 4154 та бизнеснинг 563 таси фаолиятини ўзгартирган, 336 таси эса бутунлай ёпилган. Ҳаттоки 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида фақат ит гўшти истеъмол қилганлар ҳам бу одатидан воз кечмоқда.
© The Korea TimesЖанубий Кореяда ит гўшти савдосига тақиқ 2027-йил февраль ойидан бошлаб кучга киради. Бир вақтлар мамлакатдаги ит гўшти савдосининг рамзи ҳисобланган Кёнгидо провинциясининг Соннам шаҳридаги Моран бозори энди бўшаб қолди. Бу ҳақда «The Korea Times» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бўш кўчалар, кимсасиз ресторанлар ва кўплаб ёпиқ дўконлар ўнлаб йиллар давомида гуллаб-яшнаган саноатнинг таназзулини акс эттиради. Бозордаги 10 га яқин ит гўшти ресторанларида мижозлар етишмаяпти, келган одамлар ҳам жуда кам. Савдогарлар сўнгги йилларда уй ҳайвонларига муносабат ўзгаргани, талаб кескин камайгани ва нархлар ошгани сабабли мижозлар деярли қолмаганини айтмоқда.
«Ҳозирги кунда ит гўштига кўп мижозлар қизиқмайди, у фақат бир нечта дўконларда сотилади», — дейди Жу исмли маҳаллий савдогар.
Унинг айтишича, бозорда кўпчилик ит гўшти ўрнига қора эчки таомларини сотишга ўтган. Ўтган йили ит фермаларининг тахминан 80 фоизи ёпилганидан сўнг, ит гўшти нархи ҳам кескин кўтарилган, бу эса таклифни сезиларли даражада камайтирган. Савдогарнинг сўзларига кўра, илгари ит шўрваси унинг дўкони даромадининг 90 фоизини ташкил этар эди, аммо ҳозир у 5 фоиздан ҳам кам. Қора эчки шўрвасига ихтисослашган ресторанларнинг қаттиқ рақобатига қарамай, келгуси йилда у мол гўшти шўрвасига ўтишга қарор қилган.
Бу ўзгаришлар Жанубий Корея 2024-йилнинг февраль ойида ит гўшти истеъмолини тақиқловчи қонунни қабул қилганидан кейин юз бермоқда. Ушбу қоидаларга кўра, 2027-йил 7-февралдан бошлаб итларни сўйиш ва уларнинг гўштини сотиш бутунлай тақиқланади. Янги қонун туфайли ҳаттоки 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида фақат ит гўштидан тайёрланган шўрва истеъмол қилганлар ҳам бу одатидан воз кечмоқда.
Нафақат истеъмолчилар одатлари ўзгармоқда, балки кичик бизнес ҳам кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда. Жанубий Кореянинг Озиқ-овқат ва дори-дармон хавфсизлиги вазирлиги маълумотларига кўра, май ойи охирига келиб 563 та ресторан ўз бизнес моделларини ўзгартирган ва 336 таси ёпилишга мажбур бўлган, бу тақиқдан таъсирланган жами 4154 та бизнеснинг 21,6 фоизини ташкил қилади.
Миллий ит гўшти ассоциацияси вакилларининг таъкидлашича, 2,5 миллион вонлик (тахминан 1,7 минг доллар) ҳукумат субсидияси бизнес эгаларининг белгилар, менюларни ўзгартириш ва бизнес жараёнларини қайта ташкил этиш харажатларини қоплаш учун етарли эмас. Кўпчилик бу янги секторда мавжуд ресторанлар билан рақобатлашишда қийналиб қолишидан қўрқиб, иккиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2026-йилнинг биринчи ярмида 481,7 млн долларлик гўшт импорт қилди. Импорт ҳажми ошгани билан бирга нархлар ҳам кескин қимматлади





