
Кам таъминланган оилаларга кредит: янги тизимми ёки эски муаммоларнинг давоми?
Кам таъминланган оилаларга кредит ажратиладиган «Oilakredit.uz» платформаси ишга тушди. Тизим имкониятларни кенгайтириши мумкин. Бироқ илгари самара бермаган лойиҳалар тажрибаси янги механизмнинг қай даражада ишлашини савол остида қолдирмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси «Кам таъминланган оилалар реестри»га киритилган фуқаролар учун янги имтиёзли кредит тизимини жорий этди. Энди бу тоифадаги аҳолига «Oilakredit.uz» ягона электрон платформаcи орқали гаровсиз кредитлар берилади. Маблағлар кичик бизнесни бошлаш, ишлаб чиқариш жиҳозлари, хусусан кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва бошқа воситаларни харид қилиш учун йўналтирилади.
Ҳужжатга кўра, тижорат банкларига фоиз тўловларини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 250 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Бу маблағ илгари олинган кредитларни ёпиш, шунингдек, янги лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилиши керак.
Бироқ бу ташаббус атрофида қатор саволлар пайдо бўлмоқда. Негаки сўнгги йилларда кам таъминланган аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида ўтказилган юзлаб дастурлар кутилган натижани бермаган. Ажратилган маблағларнинг катта қисми мақсадсиз ишлатилган, айрим ҳолларда эса талон-торож қилингани ҳақида маълумотлар ҳам очиқланган.
Энг яққол мисоллар — «товуқчилик», «чорвачилик» ёки «иссиқхона» лойиҳалари. Қоғозда улар фаол ишлаётгани қайд этилган, амалда эса жиҳозлар носоз ҳолатда қолган, ҳайвонлар нобуд бўлган ёки арзон-гаровга сотиб юборилган, айрим ҳолларда эса лойиҳаларнинг ўзи йўқолиб кетган. Натижада, давлат маблағи ўзлаштирилган, лекин оилаларнинг реал фаровонлиги ўзгармаган.
Vaqt.uz платформа қандай ишлаши ва ундаги бизнес режалар, камбағал оилаларга берилган имтиёзлар ва ҳозирги камбағаллик даражасига оид маълумотларни жамлади.
«Oilakredit.uz» қандай платформа?
«Oilakredit.uz» платформаси кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит беришни соддалаштириш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш учун яратилган. Платформа орқали оилалар кичик бизнесни бошлаш ёки жиҳоз харид қилиш учун гаровсиз кредит олиши мумкин.
Аслида, бундай рақамли тартиб 2022 йил 1 мартдан амалда бўлиб, Президентнинг 2021 йил 20 декабрдаги қарорига асосланган. Унда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ягона электрон платформа орқали тўлиқ рақамли тарзда ажратилиши белгиланган.
Тизимнинг ишлаш босқичи:
Кредит аризаси топшириш — фуқаро аризани мустақил равишда ёки ўз маҳалласига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси кўмагида масофадан топширади;
Аризаларни баҳолаш — ягона электрон платформа орқали аризалар scoring тизими асосида автоматик тарзда кўриб чиқилади ва натижага қараб кредит ажратилади;
«Smart Market» тизими орқали харид — ажратилган кредит маблағлари ҳисобига товар ёки хизматларни эркин бозор тамойиллари асосида «Smart Market» тизими орқали сотиб олиш ёки сотиш мумкин;
Таъминотчилар таклифлари — маҳсулот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз таклифларини «Smart Market» тизимида эркин жойлаштирадилар;
Баҳолаш ва рейтинг — фойдаланувчилар кўрсатилган хизматларни баҳолайдилар, натижада таъминотчиларнинг рейтинги автоматик шаклланади;
Мониторинг — таъминотчилар ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажаришларини туман оилавий тадбиркорлик марказлари мунтазам назорат қилади;
Ҳисобот ва тўлов — ҳоким ёрдамчиси маҳсулот ёки хизмат ҳақиқатан етказиб берилганини фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома билан тасдиқлайди;
Тўловни амалга ошириш — далолатнома тасдиқлангандан сўнг, уч банк иш куни ичида маҳсулот етказиб берувчига пул ўтказиш йўли билан тўлов амалга оширилади.
Қандай бизнеслар учун маблағ ажратилади?
«Oilakredit.uz» платформасида турли йўналишдаги 210 га яқин тайёр бизнес режалар жойлаштирилган. Уларда кредит миқдори, кутилган даромад ва фойда тақсимоти, шунингдек, кредитни қайтариш жадвали ҳақида батафсил маълумот келтирилган.

Тавсиявий йўналишларнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришга оид соҳаларни қамраб олади — жумладан, қуёнчилик, паррандачилик, узумчилик, балиқчилик ва майда ишлаб чиқариш турлари.

Қарорга кўра, узоқ муддатли ижарада ер майдонига эга деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача, микрофирма ёки кичик корхона ташкил этган шахсларга эса 300 миллион сўмгача кредит ажратилади. Имтиёзли кредитларнинг йиллик фоиз ставкаси 14 фоиз этиб белгиланган.
Кредитлар 3 йиллик муддатга, 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан тақдим этилади. Уни 18 ёшдан катта фуқаролар «Agrobank», «Mikrokreditbank» ва «Xalq banki» орқали олишлари мумкин.
Умуман олганда, платформа техник жиҳатдан талабларга жавоб берадиган шаклда ташкил этилган бўлса-да, тизимнинг ҳақиқий натижа бериш-бермаслиги очиқ савол бўлиб қолмоқда. Чунки илгари ҳам ўхшаш дастурлар турли номлар остида жорий этилган, аммо амалда уларнинг кўпчилиги кутилган натижани бермаган. Шакл ўзгаргани билан моҳият сақланиб қолгандек гўё.
Камбағал оилаларга қандай имтиёзлар бор?
Давлат томонидан камбағал оилалар учун махсус кредитлар, субсидиялар ва турли имтиёзлар тақдим этилади. Хусусан, юқорида таъкидланганидек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида устама ҳақи тўлаш шарти билан кредит ажратилади. Бунда:
15 млн сўмгача бўлган 1 та ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга, 2 йил имтиёзли давр билан;
тадбиркорликни бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан кредит берилади.
Бундан ташқари, «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари иштирокида касб-ҳунар ва чет тилларини ўқитишнинг ваучер тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинган. Яъни ишсиз аҳоли ва «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилалардаги ишсизларни касб-ҳунар ҳамда хорижий тилларга ўқитиш харажатлари учун ваучер тизими йўлга қўйилади.
2025 йил 1 апрелидан камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган бўлса, уй-жойини тиклаш учун давлат ёрдами кўрсатилган.
2025 йил 15 майдан «Камбағал оилалар реестри»га киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи мавжуд оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратила бошлади ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб кўрсатилди.
2025 йил 1 январдан камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинди.
2025–2026 ўқув йилларидан бошлаб, камбағал оилалар фарзандларининг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.
Шунингдек, камбағалликка қайта тушиш хавфи бор оилалар учун айрим ижтимоий ёрдамлар сақлаб қолиниши маълум қилинган. Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақасини тўлаш давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатларини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизматдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
«Ҳамма эшитиб олсин, бундан буён даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестрида бўлмайди. Уларни қўллаб-қувватлашни давлат зиммасига олади», — деган эди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «Камбағаллар учун иш ўринлари» дастури ҳам ишга туширилган. Дастур доирасида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш бўйича миллий ишчи гуруҳ тузилади ва 2 йиллик ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.
Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи қаерда қандай?
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 2025 йил якунигача 8,9 фоиздан 6 фоизга туширилиши кутилмоқда. Келгуси йилда бу кўрсаткични 4,5 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.
29 октябрь куни президент ҳузуридаги тақдимотда мамлакатда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 6,8 фоизга камайгани маълум қилинди. Шунингдек, кам таъминланган сифатида нафақа олувчи оилалар улуши 14 фоиздан 6,1 фоизга тушгани айтилди.
7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоизга туширилган. Президент таъкидлашича, бундай натижага эришишда сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 баробар ўсгани ва йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши муҳим омил бўлган.

Gazeta.uz’да эълон қилинган таҳлилий мақолага кўра, ҳудудлар кесимида камбағаллик даражаси сезиларли фарқ қилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Хоразм, Жиззах, Сирдарё ва Қорақалпоғистон Республикасида камбағаллик даражаси мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори. Аммо Навоий вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти бу кўрсаткични паст даражада сақлаб туришга эришган.
Камбағалликда яшовчи аҳолининг мутлақ сонига назар ташласак, бошқача манзара намоён бўлади: энг кўп камбағал аҳоли Фарғона (350 минг киши), Қашқадарё (341 минг), Андижон (323 минг) ва Самарқанд (317 минг) вилоятларига тўғри келади. Бу ҳудудларда аҳоли сони юқори бўлгани сабабли, нисбатан паст камбағаллик даражаси ҳам камбағаллар сонининг кўпайишига олиб келади. Ўтган 3 йил ичида Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси камбағаллик даражасини 10 фоиздан кўпроққа қисқартирган.
Теглар






