
Камбағал оилалар фарзандлари боғча тўловининг бир қисмидан озод этилади
Энди «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандлари нодавлат оилавий боғчаларга борганда, тўловнинг маълум қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Адлия вазирлиги 2025 йил 23 октябрда «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (МТТ) давлат томонидан компенсация тўлаш тартибини белгилайдиган низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
Низомга кўра, «Камбағал оилалар реестри»даги оилаларнинг болалари учун боғча ҳақининг бир қисми давлат бюджети маблағларидан қоплаб берилади. Бу орқали кам таъминланган оилалар фарзандларининг мактабгача таълимга тенг имкониятлар асосида қамраб олиниши кўзда тутилган.
Тўловни қоплаш ҳуқуқига эга оилалар рўйхати махсус ахборот тизими орқали автоматик тарзда шакллантирилади. Бу усул орқали ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, жараён шаффоф амалга оширилади.
Компенсация миқдори ҳудуддаги давлат боғчалари учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизига тенг бўлади. Ушбу маблағлар фақат 9 соатлик иш режимида фаолият юритувчи умумий турдаги оилавий МТТларга ажратилади.
Шу билан бирга, давлат қоплаши мумкин бўлган тўловлар сони битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан ошмаслиги шарт. Компенсациялар фақат ҳақиқатда МТТга қатнаётган болалар сонидан келиб чиқиб ажратилади.
Мазкур қарор ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва таълим соҳасида тенг имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.





