
Камбағал оилаларга бериладиган нафақалар оила аъзоларини ишга жойлаштириш билан боғланади
Энди камбағал оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам меҳнатга лаёқатли аъзолар 6 ой ичида расмий ишга жойлашган тақдирда берилади.

Ўзбекистонда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими тубдан янгиланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни имзолаган фармонга мувофиқ, муҳтож аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва меҳнат фаоллиги билан боғланади.
Янги тизимга кўра, давлат таъминотидаги, камбағал ва камбағаллик чегарасидаги оилаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш механизми такомиллаштирилади. 2026 йил 1 февралдан Ягона ижтимоий ҳимоя реестри ҳамда Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр ишга туширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар қаторига меҳнатга лаёқатсиз ёки имконияти чекланган аъзолари бор, ҳар бир аъзо ҳисобига ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан паст бўлган хўжаликлар киради. Агар даромад минимал меъёрдан паст бўлса, аммо барча аъзолар меҳнат қилиш имконига эга бўлса, бундай оилалар камбағал деб топилади.
Камбағал оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам меҳнатга лаёқатли аъзолар 6 ой ичида расмий ишга жойлашган тақдирда берилади. Белгиланган муддатда иш билан таъминланмаса, тўловлар тўхтатилади.
Камбағаллик чегарасидаги оилалар 6 ой давомида камайтирилган миқдорда нафақа ва моддий ёрдам олади. Тўлов миқдори оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромадга боғлиқ бўлади:
1 минимал истеъмол харажатларидан 1,25 минимал истеъмол харажатларигача (669 000 — 836 250 сўм) — белгиланган миқдорнинг 75 фоизи;
1,25 минимал истеъмол харажатларидан 1,5 минимал истеъмол харажатларигача (836 250 — 1 003 500 сўм) — белгиланган миқдорнинг 50 фоизи.
Шу билан бирга, давлат таъминотидаги оилаларга даромад манбаларини яратиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Уларга қуёш панеллари ўрнатиш учун субсидия, шунингдек, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида кўчма ошхона, иссиқхона ёки бошқа фаолият турлари учун имтиёзли кредитлар ажратилади.





