
Келгуси йилларда Ўзбекистонда доллар курси қандай бўлади?
Халқаро рейтинг агентлиги 2026–2028 йилларда сўм долларга нисбатан босқичма-босқич қадрсизланишини прогноз қилмоқда.

Ўзбек сўмининг долларга нисбатан келгуси йилларда қандай ўзгаришини аниқ башорат қилиш қийин бўлса-да, S&P халқаро рейтинг агентлиги кутилмаларини эълон қилди.
Прогнозларга кўра, сўмнинг долларга нисбатан курси келгуси уч йилда қуйидагича бўлиши кутилмоқда:
2026 йилнинг охирида – 12 592 сўм;
2027 йилнинг охирида – 13 158 сўм;
2028 йилнинг охирида – 13 751 сўм.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Марказий банки 24 ноябр учун доллар курси 11 971 сўм этиб белгилаган. Йил бошидан буён сўмнинг АҚШ валютасига нисбатан 7,7 фоизга мустаҳкамлангани қайд этилган. Бироқ узоқ муддатли динамика кўплаб ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланиши шарҳланмоқда.
Мутахассислар валюта курсига таъсир этувчи асосий омиллар сифатида иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция даражаси ва ташқи савдо балансига урғу беради. Агар иқтисодиётда ўсиш барқарор бўлса, миллий валюта қадрсизланиши секинлашиши мумкин. Шунингдек, инфляция паст даражада ушлаб турилса, сўмнинг барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Экспорт ва импорт ўртасидаги мутаносиблик ҳам валюта бозоридаги босимни камайтиришда асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилаш, ташқи қарзни оқилона бошқариш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш каби йўналишлар сўмнинг келгуси йиллардаги траекториясини белгилаб беришда хизмат қилади.





