Logo

Кимё бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди

Бугун 09:322 дақиқа

2026-йилги кимё бўйича Нобел мукофоти асимметрик органик синтездаги ночизиқли эффектлар ва автокатализ кашфиёти учун берилди.

Кимё бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди © Nobel qo‘mitasi

2026-йилги кимё бўйича Нобел мукофоти Франциялик Анри Каган ва япониялик Кенсо Соаига берилди. Улар «асимметрик органик синтездаги ночизиқли эффектлар ва автокатализ»ни кашф этгани учун мукофотга сазовор бўлди.

Каган Париж-Жанубий университети, Соаи эса Токио фан университети вакили ҳисобланади. Нобел қўмитаси олимларнинг ишлари кимёвий реакцияларда молекулаларнинг бир хил йўналишда шаклланишини тушунишда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.

«Анри Каган ва Кенсо Соаи бир асрдан ортиқ вақт давомида мавжуд бўлган кимёвий жумбоққа — гомохиралликнинг ўз-ўзидан қандай пайдо бўлиши мумкинлигига ечим топди», — деди кимё бўйича Нобел қўмитаси раиси Ҳайнер Линке.

Фармацевтика учун аҳамияти

Қўмитага кўра, олимлар кашфиётлари фармацевтика препаратларини ишлаб чиқаришда қўлланадиган кимёвий реакцияларни лойиҳалаш учун муҳим асос яратган.

Асимметрик синтезда молекуланинг ўнг ва чап шаклларидан кераклисини танлаб олиш муҳим. Бундай хусусият дориларнинг организмда қандай таъсир қилишига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Каган ва Соаининг тадқиқотлари эса бундай жараёнларда кичик бошланғич фарқлар қандай қилиб кучайиб, реакция натижасида бир хил молекуляр шаклнинг устун бўлишига олиб келишини тушунтиришга ёрдам берди.

Маълумот учун, 2025-йилги кимё бўйича Нобел мукофоти Сусуму Китагава, Ричард Робсон ва Омар Ягига металл-органик каркас тузилмаларини ишлаб чиққани учун берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги «Нобел ҳафталиги» 6-октябр куни физиология ва тиббиёт бўйича мукофотлар эълон қилиниши билан бошланди. Физика бўйича мукофот эса коинот нейтриноларини тадқиқ қилгани учун Френсис Ҳалсенга берилди.

8-октябр куни адабиёт бўйича, 9-октябр куни тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреатлари маълум қилинади. Иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот 12-октябрда эълон қилинади.

Теглар:

SEO title:

Meta description:

Теглар

Мавзуга оид

Кимё бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди | Vaqt.uz