Кореяда олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистонда тан олинмаяпти — талабалар мурожаати
Жанубий Кореяда яшаётган ўзбекистонлик талабалар Кореяда олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистонда тан олинмаётганидан норози. Улар халқаро битимга амал қилинмаётгани ҳақида Президентга видеомурожаат йўллаб, Vaqt.uzʼга юборди.

Vaqt.uz таҳририятига Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик талабалардан Президент номига йўлланган мурожаат келиб тушди. Мурожаатда 2015 йил 13 май куни Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида имзоланган «Ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисида»ги халқаро битим ижроси масаласи кўтарилган.
Талабаларнинг таъкидлашича, ушбу битимда фуқароликка оид чеклов белгиланмаган бўлиб, у икки давлат фуқаролари учун тўлиқ амал қилиши керак. Бироқ, айни пайтда Ўзбекистонда мазкур халқаро келишувнинг амалиётида муаммолар мавжуд. Улар фикрича, айрим идоралар битимни нотўғри талқин қилиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини чекламоқда.
Мурожаатда бу ҳолат Ўзбекистон Конституциясининг 18-моддасидаги фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, 19-моддасидаги давлат органларининг фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлаш мажбурияти ҳамда 20-моддасида белгиланган «ҳуқуқлар фақат қонун билан чекланиши мумкин», тамойилига зид экани таъкидланган.
Жанубий Кореядаги талабалар Президентдан халқаро битимнинг сўзсиз ижросини таъминлаш ва хорижда яшаётган ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора кўришни сўрашган.
Бундан ташқари, Vaqt.uz таҳририятига фуқаро З.И.Жўраев томонидан Жанубий Кореяда олинган ҳайдовчилик гувоҳномасини Ўзбекистонда тан олиш масаласида мурожаат келиб тушган. Унинг айтишича, у Жанубий Кореяда қонуний равишда ҳайдовчилик гувоҳномасини олган ва Ўзбекистон ҳамда Корея ўртасида тузилган халқаро битимга мувофиқ, бу ҳужжатдан Ўзбекистон ҳудудида бемалол фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Жўраевга 2025 йил 20 феврал куни Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) расмий хат орқали «Битимга мувофиқ, Ўзбекистонда бемалол бошқариб юра оласиз», деган рухсат берилган. Аммо орадан беш ой ўтиб, 23 июл куни ЙҲХББ ўз қарорини ўзгартириб, «биз адашган эканмиз» қабилида бу ҳуқуқни ички қонунларга асосланиб бекор қилган.
Расмий жавобда вазирлик Ўзбекистон ва Корея ўртасида 2015 йил 24 декабрда имзоланган битимни эслаб ўтган. Унга кўра, агар Корея ҳайдовчилик гувоҳномаси апостил билан тасдиқланган ва унинг ўзбек тилидаги нотариал таржимаси мавжуд бўлса, бу ҳужжат Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномаси билан тенг ҳисобланади. Бироқ вазирлик 2018 йил 31 майдаги 408-сонли ҳукумат қарорига таяниб, Ўзбекистон фуқаролари мамлакат ичида фақат миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси билан автомобил бошқариши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, Жўраевга халқаро битим Жанубий Корея фуқаролари учун амал қилади, ўзбекистонликлар эса бу имтиёздан фойдалана олмаслиги айтилган. Ушбу изоҳни у халқаро ҳужжатга зид ва камситувчи, деб баҳолаган.
Унинг таъкидлашича, битимда фуқаролик чеклови ҳақида бирор банд йўқ, шу боис бу қарор асоссиз. У қайд этганидек, айни сабабли Кореяда ҳайдовчилик гувоҳномасини қонуний олган 500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёш ўз ҳуқуқидан фойдалана олмай, сарсон бўлиб юрибди.
Фуқаро халқаро битимнинг тўлиқ ижросини таъминлашни, ички идоралар қарорини қайта кўриб чиқишни ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраган.
Ҳолат юзасидан Vaqt.uz журналисти ЙҲХX матбуот котиби Зойир Йўлдошев билан боғланганда, у ҳеч қандай муаммо йўқлигини ва мурожаатга жавоб аллақачон берилганини маълум қилди.
Бироқ, Жўраев чекловлар ҳануз давом этаётганини билдириб, бу масала юзасидан аниқ қарор чиқарилишини сўрамоқда.
Vaqt.uz вазиятни ўрганмоқда ва ушбу масала бўйича қўшимча суриштирув олиб бормоқда.
Теглар






