Logo

Кредит рекламасида қарзнинг молиявий хавфлари ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади

Бугун 11:512 дақиқа

Сенат маъқуллаган янги тартибга кўра, кредит ва микрозаймлар рекламасидаги огоҳлантириш реклама майдони ёки эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши керак.

Кредит рекламасида қарзнинг молиявий хавфлари ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Реклама тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун маъқулланди. Янги тартиб молиявий хизматлар, хусусан кредит ва микрозаймлар рекламасига қўйиладиган талабларни кучайтиради.

Қонун лойиҳаси март ойида Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган эди.

Эндиликда кредит ёки микрозаймдан фойдаланиш ҳамда қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавфларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида истеъмолчиларни огоҳлантириш талаб этилади.

Бундай огоҳлантирувчи ахборот рекламада шунчаки кўрсатилиши билан чекланмайди. У реклама майдони ёки эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим бўлади.

Ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг кредит олиш билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш ва масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантириш.

Янги қонун билан суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот ҳам ижтимоий ахборот таркибига киритилмоқда. Шунингдек, тегишли соҳалардаги ваколатли органлар ижтимоий ахборот реклама берувчилари қаторига киритилади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар аҳолининг, жумладан тадбиркорларнинг суғурта хизматлари бўйича билимларини ошириш, шунингдек кредит маҳсулотларидан фойдаланишда ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳолашига кўмаклашишга қаратилган.

Кредит рекламаларига қўйилаётган талаблар кўпаймоқда

Бу кредит ва насия савдоси рекламасига қўйилаётган ягона янги талаб эмас. Аввалроқ Президент қарори билан жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, муддатли тўлов ёки насия савдо рекламасида товарнинг жорий қийматига нисбатан қанча сумма қўшиб тўланиши ва унинг якуний қийматини аниқ кўрсатиш талаби белгиланган эди.

Шунингдек, молиявий хизматлар рекламасида шартнома тузилаётган пайтда аниқлашнинг имкони бўлмаган келгусидаги фойда ёки самарадорлик ҳақида кафолат ваъда қилиш ҳам чекланмоқда.

Шу тариқа, кредит ва насия маҳсулотлари рекламасида истеъмолчига фақат ойлик тўлов ёки маҳсулотнинг жозибадор шартларини кўрсатиш эмас, балки унинг умумий молиявий оқибатлари ҳақида ҳам маълумот бериш талаби кучаймоқда.

Теглар

Мавзуга оид