«Kредит ставкалари қўшни ва ривожланган давлатларникидан юқори эмас» — Марказий банк
Кредит фоиз ставкалари ўтган йил охирига нисбатан бироз пасайди ва Марказий банк яқин ойларда ҳам бу жараён давом этишини кутмоқда.
© Foto: Vaqt.uzЎзбекистонда ўртача кредит ставкалари ўтган йил охирига нисбатан қисман пасайган. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов асосий ставка бўйича матбуот анжуманида изоҳ берди.
Унинг айтишича, Ўзбекистондаги кредит ва асосий ставкалар минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштирилганда мутлақо баланд эмас.
«Қўшни мамлакатларда ҳам, масалан Қозоғистон билан солиштирганда ҳам, биз чакана кредитларни ҳам ёки унинг асосий ставкасини ҳам қарайдиган бўлсак, бугунги кунда Қозоғистонда асосий ставка даражаси биздан баланд. Россияда ҳам худди шундай», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Очиловнинг таъкидлашича, иқтисодиёт циклик жараён бўлгани сабабли айрим даврларда инфляция босими кучаяди ва бунга жавобан Марказий банклар ставкаларни оширади. Натижада иқтисодиёт ушбу ставкаларга мослашади.
«Агар ҳар бир инструмент кесимида қарайдиган бўлсак, кўплаб асосий инструментлар бўйича биздаги ставкалар қўшни, ҳатто ривожланган давлатлардагидан ҳам юқори эмас», — деди у.
Масалан, АҚШ ва Европа мамлакатларида ҳам айрим чакана кредит турлари бўйича йиллик фоиз ставкалари 30 фоизгача етиши мумкин. Бу масала бўйича сўнгги пайтларда айрим давлатларда маъмурият томонидан ҳам турли топшириқлар берилган.
Марказий банк раиси ўринбосарининг айтишича, иқтисодиёт сегментлари кесимида қаралганда, ишлаб чиқариш ва инвестицион кредитлар бўйича, шунингдек, имтиёзли кредит дастурлари доирасида ставкалар нисбатан паст.
Бугунги кунда бундай кредитлар бўйича фоизлар 12–14 фоиз атрофида шаклланмоқда. Бироқ риск даражаси юқори ва талаб катта бўлган кредит инструментлари бўйича фоизларнинг баландлиги банклар томонидан рискларни баҳолаш, даромадлилик ва кредитларнинг қайтиши билан боғлиқ.
Очиловнинг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиётида ўртача кредит фоиз ставкалари ўтган йил охирига нисбатан қисман пасайган. Бу ҳақда Марказий банк расмий саҳифаларида ҳам маълумот берилган. Келгусида ҳам пасайиш давом этиши кутилмоқда. Бу, аввало, инвестицион ва узоқ муддатли кредитлар бўйича ставкаларнинг тушиши билан боғлиқ бўлади.
Шу билан бирга, яна бир муҳим тенденция қайд этилди: чакана бизнес улушига мутаносиб равишда кичик бизнесни кредитлаш ҳажмлари ошмоқда. Кичик бизнес кредитлари бўйича фоиз ставкалари эса нисбатан паст ҳисобланади. Марказий банк ушбу тенденция келгусида ҳам давом этишини кутмоқда.





