add

Курйерлар учун хушхабар: Ўзбекистонда янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади

Уларни қўлга киритиш учун мажбурий тарзда назарий ва амалий ўқув курсларини ўташ шарт бўлмайди, тўғридан тўғри имтиҳон топширилади.

Курйерлар учун хушхабар: Ўзбекистонда янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади

Вазирлар Маҳкамаси «Транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тартиби соддалаштирилади ҳамда янги «А1» кичик тоифали гувоҳнома жорий этилади.

Янги тартиб 2026 йил 1 январдан кучга киради. Энди мопед ва скутерларни бошқариш учун мотоциклчилар учун бериладиган «А» тоифали гувоҳнома талаб этилмайди. Унинг ўрнига «А1» кичик тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин бўлади.

Энг асосийси, «А1» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси учун талабгорлар учун ўқув курсларини мажбурий тарзда ўташ шарт эмас — яъни назарий (180 соат) ва амалий (20 соат) машғулотларсиз ҳам тўғридан тўғри имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилади. Истакка кўра, ўқув жараёнини онлайн, офлайн ёки мустақил тайёрланиш орқали амалга ошириш мумкин.

Назарий имтиҳонда 20 та тестдан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя этади (илгари бу кўрсаткич 18 та эди). Имтиҳонларни муваффақиятли топширганларга «А1» кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Шунингдек, «А», «B», «C» ва «D» тоифали гувоҳномага эга шахслар «А1» тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур қарор аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасида, айниқса курьерлик тизимида фаолият юритаётган фуқароларнинг ишини енгиллаштириш ҳамда кам таъминланган оилалар учун мототранспортдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тизими хавфсизлик тамойиллари асосида такомиллаштирилмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини кучайтириш, қўпол қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида янги назорат механизмлари жорий этилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2024-йилда мамлакатда 9 364 та ЙТҲ содир бўлиб, 1 869 киши ҳалок бўлган. 2025-йилнинг 9 ойида эса ЙТҲлар сони 5 895 тани, ҳалок бўлганлар эса 1 303 нафарни ташкил этган.

Янги «А1» тоифасининг жорий этилиши курйерлар, ёшлар ва мототранспорт эгалари учун катта қулайлик яратади ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёнини анча тез ва соддалаштирилган шаклда амалга ошириш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид

Курйерлар учун хушхабар: Ўзбекистонда янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади | Vaqt.uz