Марказий банк 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди

Бугун 16:351 дақиқа

Банк назорати қўмитаси апрел ойида ўтказган йиғилишлар давомида жами 30 та масала кўриб чиқилди.

Марказий банк 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси 2026 йил апрел ойида жами 6 та йиғилиш ўтказиб, 30 та масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 21 та масала муҳокама қилинган. Улар орасида кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш, устав фондидаги улушларга эгалик қилиш учун рухсат бериш, аудит ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторлик сертификатларини тақдим этиш каби масалалар бор.

Шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шу билан бирга муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодлари бўйича 15 та масала ҳам кўриб чиқилди.

Қўмита йиғилишларида кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 9 та масала ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлар талабларига риоя қилиниши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция ҳамда ўрганишлар натижалари таҳлил қилинган.

Марказий банк маълумотига кўра, қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этмагани ва текширувлар давомида аниқланган камчиликлар сабабли 2 та банк ҳамда 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.

Регулятор жарима қўлланган молия ташкилотлари номини очиқламаган. Эслатиб ўтамиз, Марказий банк март ойида қонунбузилишлар ва жиддий камчиликлар сабаб 188 та кредит ташкилотига нисбатан жарима санкцияларини қўллаган эди.

Теглар

Мавзуга оид