Logo

Марказий банк банклардан омонат шартномаларида истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартларни бартараф этишни талаб қилди

Бугун 12:271 дақиқа

Регулятор айрим тижорат банкларининг омонат шартномаларида омонатчиларнинг ўз маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин бўлган бандларни аниқлади.

Марказий банк банклардан омонат шартномаларида истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартларни бартараф этишни талаб қилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк тижорат банкларининг омонат маҳсулотлари бўйича шартномаларини ўрганиб, омонатчилар ҳуқуқини чеклаши мумкин бўлган айрим шартларни аниқлади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, айрим шартномаларда оммавий тартибсизликлар, митинглар, кўча ҳаракатлари, босқинчилик ҳолатлари ва тўловга қобилиятсизлик даврида омонатни муддатидан олдин қайтариш бўйича банк жавобгар ҳисобланмаслиги белгиланган.

Марказий банк бундай бандлар омонатчининг ўз маблағини қайтариб олиш ҳуқуқини чеклаши мумкинлигини қайд этди. Регулятор бу масалада амалдаги қонунчилик талабларига таянади.

Омонатчи ҳуқуқи кафолатланади


Амалдаги қонунчиликка кўра, омонат туридан қатъи назар, банк омонатчининг талаби билан омонат суммасини ёки унинг бир қисмини қайтариши шарт.

Шунингдек, истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ҳамда қонунчиликка зид шартлар ҳақиқий ҳисобланмайди. Шу сабабли банк шартномаларида бундай чекловларнинг мавжудлиги регулятор эътиборига тушган.

Марказий банк тижорат банкларидан амалдаги омонат шартномаларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказишни талаб қилди. Банклар ҳуқуқни чекловчи ва қонунчиликка зид бандларни аниқлаши лозим.

Аниқланган ҳолатлар зудлик билан бартараф этилиши, омонат шартномалари эса амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк банкларга кредит хатарлари ҳақида мижозни олдиндан огоҳлантириш талабини қўйганди.

Теглар

Мавзуга оид