Марказий банк яна асосий ставкани ўзгартирмади. Сабаблар

Бугун 17:492 дақиқа

Инфляция пасайганига қарамай, озиқ-овқат нархлари ва ташқи хатарлар сабаб Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди.

29 апрел куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди. Бу қарор жорий иқтисодий шароитлар, инфляция динамикаси ва ташқи хатарлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди.

Регулятор маълумотларига кўра, умумий инфляция пасайиш тенденциясида. 2024 йил март ойида йиллик инфляция 7,1 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар ҳам қисқармоқда. Бу ижобий сигнал ҳисобланади.

Бироқ асосий муаммо — озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг юқори суръатда ўсиши сақланиб қолмоқда. Аҳоли учун муҳим бўлган товарлар бўйича нархлар ҳали ҳам инфляциядан юқори даражада ўсмоқда. Шу сабабли Марказий банк ставкани пасайтириш учун шароит ҳали етарли эмас, деб ҳисобламоқда.

Марказий банк раиси Темур Ишметов таъкидлашича, йиғилишда фақат битта вариант — ставкани сақлаб қолиш масаласи кўриб чиқилган. Унинг сўзларига кўра, инфляция пасайиши давом этаётган бўлса-да, бу жараён секинлашган ва айрим сегментларда умуман кузатилмаяпти.

Инфляция ҳисоб-китобларида энергия тарифлари ва коммунал хизматлар нархлари муҳим омил сифатида инобатга олинади. Йил бошида эълон қилинган 10 фоизгача тариф индексацияси прогнозларга киритилган, аммо аниқ рақамлар ҳали тасдиқланмаган.

Ташқи иқтисодий омиллар ҳам босимни кучайтирмоқда. Халқаро валюта жамғармаси глобал иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирган ва инфляция хавфлари сақланаётганини билдирган. Айниқса, энергия ва озиқ-овқат нархлари ўзгариши ички бозорга таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчи чоракда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,7 фоизга ўсди. Бу прогнозлардан юқори кўрсаткич бўлиб, ички талабни кучайтириши ва инфляцияга босим бериши мумкин. Шу омил ҳам қарор қабул қилишда инобатга олинган.

Шунингдек, давлат банкларини хусусийлаштириш жараёни давом этмоқда. Хусусан, Саноатқурилишбанк, Алоқабанк ва Асакабанк бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказий банк бу жараёнда тўғридан-тўғри иштирок этмайди, аммо баҳолаш ва таҳлил ишларига жалб қилинган.

Валюта сиёсати бўйича регулятор қатъий позициясини сақлаб қолмоқда — курс эркин сузиш режимида қолади. Марказий банк курсга сунъий таъсир ўтказмасликни устувор деб ҳисоблайди.

Марказий банкка кўра, келгусида инфляция ва хатарлар динамикаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Агар инфляцион босимлар пасайса, ставка туширилиши мумкин. Акс ҳолда, пул-кредит сиёсати янада қатъийлаштирилиши эҳтимоли бор.

Навбатдаги йиғилиш 2026 йил 17 июн кунига белгиланган.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 117

Барчаси

Мавзуга оид

Марказий банк яна асосий ставкани ўзгартирмади. Сабаблар | Vaqt.uz