Logo

Марказий Осиё давлатлари ядровий қуролсизланиш бўйича позициясини яна бир бор тасдиқлади

Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган ва Марказий Осиёнинг беш давлати томонидан имзоланган тарихий шартномага 20 йил тўлди. 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинскда имзоланган ҳужжат минтақа давлатларини ядровий қуролдан холи ҳудуд мақоми атрофида бирлаштирган.

Марказий Осиё давлатлари ядровий қуролсизланиш бўйича позициясини яна бир бор тасдиқлади © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон — Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда давлатлар ташқи ишлар вазирлари 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинскда имзоланган шартноманинг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилган қўшма баёнотда маълум қилинди.

Вазирлар ядровий қуролни қўллаш ёки синовдан ўтказишнинг инсоният учун ҳалокатли оқибатларини қайд этиб, ядровий қуролдан холи ҳудудларни яратиш ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш ва глобал қуролсизланиш жараёнини кучайтиришнинг муҳим воситаларидан бири эканини таъкидлади.

Марказий Осиёдаги ядросиз ҳудуд қандай ташкил этилган?

Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш ғояси биринчи марта 1993 йил сентябрда Ўзбекистон томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган.

13 йилдан сўнг, 2006 йил 8 сентябрда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Семипалатинскда шартномани имзолаган.

Шартнома Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантирди. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири — бу Шимолий яримшарда тўлиқ жойлашган ва ядровий қуролга эга бўлган икки давлат — Россия ҳамда Хитой билан бевосита чегарадош бўлган ягона ядросиз ҳудуд ҳисобланади.

Қўшма баёнотда қайд этилишича, минтақанинг ядровий қурол синовлари ва жойлаштирилиши амалга оширилган ҳудуддан глобал ядровий қуролсизланиш саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этаётган минтақага айланиши шартноманинг рамзий аҳамиятини ҳам оширади.

Семипалатинск мероси

Шартноманинг 20 йиллиги Қозоғистондаги Семипалатинск ядровий полигони ёпилганининг 35 йиллигига ҳам тўғри келмоқда.

Совет Иттифоқи даврида Семипалатинск полигонида юзлаб ядровий синовлар ўтказилган. Полигон 1991 йил 29 августда ёпилган.

Беш давлат баёнотда ядровий портлашлар ва уларнинг оқибатлари туфайли ҳалок бўлган ҳамда жабрланган инсонлар хотирасини ёдга олди.

Ядровий давлатларга чақириқ

Қўшма баёнотда ядровий қуролга эга давлатларнинг қуролсизланиш борасидаги мажбуриятлари ҳам тилга олинган.

Марказий Осиё давлатлари Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани халқаро ядровий хавфсизлик тизимининг асосий пойдевори сифатида баҳолади.

Шу билан бирга, ядровий қуролсизланиш соҳасида сезиларли тараққиёт йўқлиги, қуролларни назорат қилиш бўйича муҳим келишувларнинг амал қилишдан тўхташи ва ядровий арсеналларни модернизация қилиш тенденцияси жиддий хавотир уйғотаётганини билдирди.

Беш давлат ядровий қуролга эга мамлакатларни Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг 6-моддасига мувофиқ ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларни давом эттиришга чақирди.

Шунингдек, қуролланиш пойгасининг олдини олиш учун янги ва текшириш мумкин бўлган қуролларни назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

АҚШдан протоколни ратификация қилиш сўралмоқда

Баёнотда ядровий давлатларнинг Марказий Осиё ядросиз ҳудуди мақомини ҳурмат қилиш бўйича кафолатлари ҳам кўтарилган.

2014 йил 6 май куни ядровий қуролга эга давлатлар Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд тўғрисидаги шартномага протокол имзолаган.

Ушбу протокол ядровий давлатларни минтақа мамлакатларига қарши ядровий қурол қўлламаслик ёки қўллаш билан таҳдид қилмаслик мажбуриятини назарда тутади.

Қўшма баёнотда тўртта ядровий давлат протоколни ратификация қилгани қайд этилиб, АҚШнинг ҳам ратификация жараёнини тезроқ якунлашига умид билдирилган.

Марказий Осиё ядровий қуролсизланиш масаласида ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Беш давлат шартноманинг институционал салоҳиятини ривожлантириш ва бошқа ядровий қуролдан холи ҳудудлар билан ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Дунёда ҳозир Марказий Осиёдан ташқари Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси, Жанубий Тинч океани, Жануби-Шарқий Осиё ва Антарктидага оид ядровий қуролдан холи ҳудудлар мавжуд.

Марказий Осиё давлатлари Африка атом энергияси комиссияси ҳамда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида ядровий қуролни тақиқлаш ташкилоти билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланганини ижобий баҳолади.

Шунингдек, 2024 йил август ойида Остонада мавжуд барча ядровий қуролдан холи ҳудудлар ва халқаро ташкилотлар вакилларининг иккинчи учрашуви ўтказилгани қайд этилди.

Баёнотда ядровий қуролдан холи янги ҳудудларни, жумладан Яқин Шарқда шундай ҳудуд яратиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳам билдирилди.

Ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланиш

Шартнома фақат ядровий қуролни тақиқлаш билан чекланмайди. Ҳужжатда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ядровий дастурлар устидан халқаро кафолатлар тизимини қўллаш муҳимлиги ҳам қайд этилган.

Марказий Осиё давлатлари Халқаро атом энергияси агентлиги — МАГАТЭ фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бу масала минтақа учун алоҳида аҳамиятга эга: давлатлар бир томондан ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш позициясини сақлаб қолаётган бўлса, бошқа томондан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш имкониятларини ривожлантиришга интилади.

Қўшма баёнотда 2026 йил 24 сентябрда Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартнома имзолаш учун очилганига 30 йил тўлиши ҳам қайд этилган. Марказий Осиё давлатлари ушбу шартноманинг тезроқ кучга киришини қўллаб-қувватлади.

Беш давлат, шунингдек, қуролсизланиш ва ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича таълимни кучайтириш, ёшларни ушбу масалалар муҳокамасига кенгроқ жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Марказий Осиё давлатлари баёнотида минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги барқарор ривожланишнинг муҳим омили экани қайд этилиб, умумий хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш нияти яна бир бор тасдиқланган.

Теглар

Мавзуга оид