
Махфий ишлар: «Тошкент Трактор Заводи» собиқ раҳбарининг кирдикорлари маълум қилинди
Маълум қилинишича, аввалги раҳбар даврида ишлаб чиқариш фаолиятига мўлжалланган маблағлар ўрнига айрим шахслар фойдасига мукофот пуллари (20–150 млн сўм) ва фоизсиз қарзлар (30–500 млн сўм) ажратилган.

«Тошкент Трактор Заводи» МЧЖнинг аввалги раҳбари давлат томонидан берилган имтиёзлардан самарасиз фойдаланилган. Айрим хорижий техникалар — Boshiran, Cansa, Lovol, John Deere, Dong Feng, Savdi каби брендлар тайёр ҳолда олиб келиниб сотилган, аммо ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмаган. Бу президент қарорига зид бўлган. Бу ҳақда МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, олдинги раҳбарият даврида ишлаб чиқариш фаолиятига мўлжалланган маблағлар ўрнига айрим шахслар фойдасига мукофот пуллари (20–150 млн сўм) ва фоизсиз қарзлар (30–500 млн сўм) ажратилган. Шунингдек, бу каби буйруқлар EDO электрон тизими мавжуд бўлишига қарамай, махфий журнал орқали расмийлаштирилган.
Давлат топшириқларига кўра, ҳукумат ташкилотлари техникани фақат миллий ишлаб чиқарувчидан харид қилиши лозим, аммо айрим шахслар бозордан тайёр техникани харид қилиб, «ТТЗ маҳсулоти» сифатида сотган. Бу амалиёт миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш сиёсатига зид бўлиб, завод манфаатларига ҳам, мамлакат иқтисодий стратегиясига ҳам зарар етказган.
«Аммо янги раҳбарият даврида — бош директор Б. Б. ва бош директорнинг биринчи ўринбосари А. Й. раҳбарлигида заводда туб ўзгаришлар амалга оширилди. Бунинг натижасида:
• Миллий тракторнинг трансмиссия корпуси ишлаб чиқилди, ички деталлар тайёрланмоқда.
• Лазерли ер текислагич (планировшчик) ишлаб чиқилиб, ҚХТТССДМга топширилди.
• Сомон пресслагич ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун юборилди.
Бундан ташқари, миллий тракторни яратиш ишлари бошланди, ишлаб чиқариш ҳажми оширилиб, экспорт салоҳияти кўтарилмоқда. Маъмуриятдаги ходимлар сони 266 нафардан 60 нафарга қисқартирилди, ишлаб чиқарувчилар сони эса 254 нафардан 450 нафарга кўпайтирилди», - дейилади хабарда.
Баёнотда келтирилишича, аввалги даврда айрим ходимлар бир вақтнинг ўзида бир нечта корхонадан маош олиб, завод ичидаги ишчи муҳитга салбий таъсир ўтказган. Улар айрим қариндошларини юқори лавозимларга жойлаштириб, ходимларга босим ўтказган, бу эса соғлом меҳнат муҳитини бузган. Янги раҳбарият эса бу ҳолатларга қатъий чек қўйди ҳамда барча фаолиятни президент олиб бораётган адолат ва шаффофлик сиёсатига мувофиқлаштирган.
Шунингдек, айрим манбаларда “КРАНТАС” компанияси ва унинг собиқ раҳбари М.К.нинг завод фаолиятига аралашаётгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилмоқда. “Тошкент Трактор Заводи” МЧЖ расмий равишда шуни билдирадики, М.К.нинг завод фаолиятига бевосита алоқаси йўқ. Унинг бошқа лойиҳалардаги фаолияти — илм ва инновацияга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, минглаб иш ўринлари яратиш — таҳсинга сазовор бўлса-да, ТТЗ фаолиятига аралашуви ҳақида маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Тошкент Трактор Заводи” МЧЖ ўзининг молиявий ва техник ҳолатини баҳолаш мақсадида аудит ўтказиш учун тендер эълон қилган. Тендернинг якуний муддати — 2025 йил 28-октабр бўлиб, маълумотлар etender.uzex.uz/lot/456428 манзилида очиқ тарзда эълон қилинган.
«Тендер якунига яқинлашгани сари айрим номаълум кучлар томонидан жараёнга тўсқинлик қилинаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Завод раҳбарияти бундай ҳаракатларни собиқ раҳбарият фаолиятини яширишга қаратилган уриниш деб ҳисоблайди ва бу борада барча қонуний чоралар кўрилади. Хулоса ўрнида, шуни қайд этиш лозимки, “Тошкент Трактор Заводи” МЧЖ фаолиятини очиқ, қонуний ва самарали асосда юритмоқда. Завод жамоаси ва янги раҳбарият миллий трактор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Президент топшириқларини амалда бажариш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ишчиларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Завод ҳар қандай аудит, текширув ва журналистик саволларга очиқ бўлиб, ҳақиқатни тиклаш ва жамоатчиликни тўғри маълумот билан таъминлашни ўзининг асосий бурчи деб билади», - дейилади хабарда.





