Мигрантлар сони қисқарди, пул ўтказмалари эса 9,3 млрд долларга етди – Марказий банк
Ўзбекистонда иш ҳақи ва бандлик ошган бўлса-да, корхоналар таклиф қилаётган бўш иш ўринлари 9,8 фоизга камайди. Меҳнат бозоридаги ўзгаришлар миграцияга ҳам таъсир қилиб, Россияга ишлаш учун кетаётган ўзбекистонликлар сони қисқарган.
© old.asiaplustj.infoМарказий банкнинг 2026-йил II чорак бўйича «Меҳнат бозори шарҳи»да мамлакатдаги ишчи кучига талаб ва таклиф, бандлик ва иш ҳақи динамикаси билан бир қаторда, ташқи меҳнат миграцияси ҳамда пул ўтказмаларни таҳлил қилган.
Шарҳ маълумотларига кўра, меҳнат бозорида ишчи кучига талаб тармоқлар бўйича турлича шаклланган. Саноат, қурилиш ва хизматларда бандлик ошган бир пайтда, айрим соҳаларда вакансиялар қисқарган.
Корхоналарда янги ходимларга эҳтиёж пасайди
2026-йил II чоракда корхоналар томонидан жойлаштирилган вакансиялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга камайди. Бунда чакана савдо, ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда ишчи кучига бўлган талабнинг қисқариши асосий омиллардан бўлган.
Шу пайтда иш изловчиларнинг фаоллиги пасаймаган. Жойлаштирилган резюмелар сони вакансияларга қараганда тезроқ ошган. Натижада мавжуд иш ўринлари учун рақобат кучайиб, иш излаётганлар учун танлов аввалгига қараганда камайган.
Корхоналарнинг келгуси режалари ҳам янги ходимларга эҳтиёж камайганини кўрсатади. Ходимлар сонини оширишни кутаётган корхоналар улуши март ойидаги 40 фоиздан июнда 34 фоизгача камайган. Аксинча, иш ўринларини қисқартиришни режалаштираётган корхоналар улуши биринчи чоракдаги 6,6 фоиздан иккинчи чоракда 9,2 фоизга етган.
Бироқ бу ҳолат иш билан таъминланганлар сони ҳам қисқармоқда дегани эмас. Аксинча, 2026-йилнинг биринчи чорагида иш билан банд аҳоли сони 5,2 фоизга ошган.
Саноат ва хизматларда иш ўринлари кўпайган
Ўзбекистонда иш билан таъминланганлар сони ошаётган бўлса-да, ўзгариш барча соҳаларда бир хил эмас. Қишлоқ хўжалигида ишлаётганлар камайиб бораётган бир пайтда, саноат ва қурилишнинг умумий бандликдаги улуши мос равишда 1,1 ва 0,7 фоизга ошган.
Бу орада фаол корхона ва ташкилотлар сони ҳам кўпайган. 2026-йил 1-июн ҳолатига уларнинг сони 471 мингтага етиб, бир йил ичида 7,2 фоизга ошган. Лекин янги иш ўринларига эҳтиёж тармоқлар бўйича турлича шаклланмоқда.
Корхоналар келгуси даврда саноат ва қурилишда ходимлар сонини қисқартиришни, хизматлар ва савдода эса янги ишчиларни кўпайтиришни кутмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида бандликнинг қисқариши ишчи кучининг бошқа тармоқларга, айниқса хизматлар соҳасига ўтишига сабаб бўлади.
Ўртача иш ҳақи 7,1 млн сўмга етди
2026-йил январ-июн ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7,1 млн сўмга етди. Бир йил ичида номинал иш ҳақи 18,4 фоизга, нархлар таъсири чиқариб ташлангандаги реал иш ҳақи эса 10,9 фоизга етган. Яъни иш ҳақи фақат қоғоздаги рақам сифатида эмас, аҳолининг харид қобилияти бўйича ҳам ўсган.

Манба: Марказий банк
Бироқ маошлар миқдори соҳалар кесимида бир-биридан фарқ қилади. Молия ва суғурта соҳасида ўртача иш ҳақи 19,1 млн сўмга етган бўлса, ахборот ва коммуникацияда бу кўрсаткич 17,4 млн сўм бўлган.
Қишлоқ хўжалигида эса ўртача маош 3,5 млн сўм, ижтимоий хизматларда 4,7 млн сўм атрофида қолган. Энг юқори ва энг паст маошлар ўртасидаги фарқ 5 баравардан ошади.
Маошлар айниқса транспорт, ижтимоий хизматлар ва қурилишда тезроқ кўтарилган. Транспорт ва сақлашда иш ҳақи 22,8 фоизга, ижтимоий хизматларда 20,2 фоизга, қурилишда 19,9 фоизга ошган. Бу соҳаларнинг айримларида ўртача маош ҳануз энг юқори даражада бўлмаса-да, иш ҳақи тезроқ ўсмоқда.
Айниқса, қурилиш, саноат ва транспортда иш ҳақининг тез ўсиши малакали ходимларга эҳтиёж кучайгани билан боғлиқ. Корхоналар бир томондан янги ходимларга эҳтиёжни қайта кўриб чиқаётган бўлса, иккинчи томондан керакли мутахассисларни ушлаб қолиш учун кўпроқ ҳақ тўлашга тўғри келмоқда.
Ҳудудларда иш ҳақининг ўсиши ҳам турлича бўлган. Жиззахда реал иш ҳақи 13,3 фоизга ошиб, энг юқори натижани қайд этган. Наманган ва Тошкент шаҳрида ҳам ўсиш 10 фоиздан юқори бўлган, мос равишда 11,8 ва 10,7 фоиз. Андижонда эса реал иш ҳақи 7,9 фоизга ошган.
Шундай қилиб, реал иш ҳақининг ошишига инфляциянинг секинлашиши ҳам таъсир қилган. Маълумот учун, май ойи якунига кўра, мамлакатда йиллик инфляция 5,5 фоизни ташкил қилган. Натижада 2026-йил 1-июл ҳолатига номинал ва реал иш ҳақи ўсиши ўртасидаги фарқ 7,5 фоизгача қисқарган.
Ўзбекистонликлар учун янги меҳнат бозорлари кенгайди
2026-йил январ-июн ойларида 1,18 млн Ўзбекистон фуқароси ишлаш учун Россияга борган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга кам. Патент асосида ишлаётган ўзбекистонликлар сони эса 9,2 фоизга қисқарди.
Шу сабабли ҳам Россия ҳануз ўзбекистонликлар учун энг асосий меҳнат бозори бўлиб қолмоқда. Бироқ бошқа давлатларда ишлаётган фуқаролар сони ҳам ошган. 1-июль ҳолатига Туркияда 70 минг, Жанубий Кореяда эса 102,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган.
Европа давлатларида ҳам ўзбекистонликлар сони кўпайган. 2025-йил якунида Туркия, Жанубий Корея, Европа ва АҚШдаги ўзбекистонликлар сони жами 320 минг нафарга яқинлашган. Бир йил ичида Европадаги ўзбекистонликлар сони 13,2 фоизга, Туркиядаги мигрантлар сони эса 10,7 фоизга ошган.
Шу билан бирга, хорижда ишлаётган фуқаролардан Ўзбекистонга юборилаётган маблағлар ҳам кўпаймоқда.
Пул ўтказмалари 9,3 млрд доллардан ошди
2026-йил январ-июн ойларида Ўзбекистонга жами 9,3 млрд доллар пул ўтказилган. Шундан 3,8 млрд доллари биринчи чоракда, 5,5 млрд доллари иккинчи чоракка тўғри келмоқда.

Манба: Марказий банк
Пул ўтказмаларининг катта қисми Россиядан келмоқда. Бироқ бошқа давлатлардан юборилган маблағлар миқдори ҳам ошган. Хусусан,
II чоракда Қозоғистондан келган пул ўтказмалари 28,2 фоизга, АҚШдан 18,8 фоизга, Туркиядан 14,2 фоизга ва Жанубий Кореядан 11,4 фоизга кўпайган.
Россиядан келган пул ўтказмалари ҳам 8,8 фоизга ошган. Бироқ Россияга ишлаш учун кетганлар сони камайганига қарамай, мамлакатга келаётган пул ўтказмалари ҳажми кўпайган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг I чорагида Ўзбекистонга 3,8 млрд доллар пул ўтказилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп. Шу даврда Россиядан келган пул ўтказмаларининг умумий ҳажмдаги улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача камайган.





