Logo

Мигрантлар учун янги чекловлар ва армияга мажбурлаш: Россия меҳнат бозорида нималар бўлмоқда?

Бугун 21:105 дақиқа

Россия ҳукумати мигрантлар устидан назоратни кескин кучайтириб, Марказий Осиё фуқароларига нисбатан босимни ошираётган бир пайтда, мамлакат иқтисодиёти жиддий ишчи кучи танқислигига юз тутмоқда.

Мигрантлар учун янги чекловлар ва армияга мажбурлаш: Россия меҳнат бозорида нималар бўлмоқда? © vesti.ru

Россия ҳукумати сўнгги йилларда миграция сиёсатида янги чекловларни жорий қилмоқда. Бир вақтнинг ўзида мамлакатда ишчи кучига эҳтиёж сақланиб қолаётгани сабабли Россия Ҳиндистон, Кения, Бангладеш ва бошқа узоқ мамлакатлардан ишчилар жалб қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Мазкур ҳолатни Россия миграция сиёсатидаги ўзига хос парадокс сифатида баҳолаш мумкин.  

Мамлакатда мигрантлар устидан рақамли назоратни ўрнатишга қаратилган янги қоидалар 1 сентябрдан кучга кирди. Россия билан визасиз режимга эга давлат фуқароларига Москва ва Москва вилояти каби айрим ҳудудларда ўз телефонларига махсус «Амина» иловасини ўрнатиш талаби қўйилган. Ушбу илова мигрантларнинг ҳаракатларини кузатиб боради.

Сентябр ойида яна бир федерал қонун кучга кирди. Унга кўра, мигрантлар Россияга кириб келганидан сўнг тиббий кўрикдан 90 кун ичида эмас, балки 30 кун ичида ўтиши шарт. Шунингдек, хавфли инфекциялар аниқланган тақдирда хорижий фуқарони мамлакатдан депортация қилиш ваколатлари кенгайтирилди. Касалликлар ҳақида сохта маълумотномалар тайёрлаш ва улардан фойдаланганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам оғирлаштирилган.

Россиянинг 52 та субъектида мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлашига чекловлар жорий этилди. Масалан, Санкт-Петербургда патент асосида меҳнат қилувчи хорижликларга жамоат транспорти ҳайдовчиси, таксичи ва курер бўлиб ишлаш тақиқланди. Федерал миқёсда эса қурилиш соҳасида хорижий мутахассислар улуши 50 фоиз, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида 40 фоиз этиб чекланди.

Марказий осиёлик мигрантларга босим

Миграция масалалари бўйича эксперт Валентина Чупик хорижий ОАВга берган интервюсида Украинадаги уруш бошланганидан кейин Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларга нисбатан босим кескин кучайганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, рейдлар вақтида баъзи мигрантларни Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбурлаш ҳолатлари учраган. Чупик айрим ҳолатларда зўравонлик ва таҳдидлардан фойдаланилганини таъкидламоқда.

«Қамоқхоналардан мигрантларни ўғирлаб кетиш ҳолатлари бўлган. Дастлаб шартномаларни имзолашга мажбурлаш мақсадида қийноқлар, жумладан, жинсий зўравонликлар қўлланилган», — дея қайд этади Чупик.

Эксперт бундай ҳолатлар миграция марказларида ҳам кузатилганини айтган. Унинг билдиришича, ҳатто миграция ҳужжатларини расмийлаштириш учун келган айрим хорижликлар ҳарбий комиссариатларга юборилиб, у ерда шартнома имзолашга мажбур қилинган.

«Одамлар ҳарбий комиссариатга боришган, у ерда уларни қамаб қўйишган ва кейин ўғирлаб кетишган ёки калтаклаб, шартнома имзолашга мажбур қилишган», — деб таъкидлайди Чупик.

Буларнинг барчаси Россиядаги МДҲ давлатларидан келган мигрантлар сони шиддат билан қисқартирмоқда.

Россияда хорижликлар сони қанча?

Россия Ички ишлар вазирлигининг Бош миграция бошқармаси раҳбари Андрей Кикотнинг 10 сентябрдаги ҳисоботига кўра, ҳозирги вақтда мамлакат ҳудудида 6–6,5 миллион нафар хорижий фуқаро мавжуд. Бу аввалги йиллардаги кўрсаткичдан тахминан 8 фоизга кам. Уларнинг қарийб 3 миллион нафарини меҳнат мигрантлари ташкил этади.

Кикотнинг маълум қилишича, сўнгги икки йил ичида Россия ҳудудидан қарийб 100 минг нафар хорижлик чиқариб юборилган, яна 197 минг кишининг мамлакатга кириши чекланган.

Шунингдек, 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат мигрантлари ўзларининг ишламайдиган оила аъзолари учун солиқ тўлаши режалаштирилмоқда. Россия ҳукуматининг миграция сиёсати концепциясида ҳам ишламайдиган оила аъзоларининг мамлакатда бўлишини чеклаш мақсади алоҳида қайд этилган.

Бир томонда мигрантлар камаймоқда, бошқа томонда ишчи кучи етишмаяпти

Россияда мигрантларга нисбатан чекловлар кучайиб бораётган бир пайтда, мамлакатда ишчи кучи танқислиги ҳамон сақланиб қолмоқда.

Иқтисодчиларнинг баҳолашича, Россиядаги меҳнат ресурслари етишмовчилиги аҳоли сонининг табиий камайиши ва ишчи кучининг қисқариши билан бевосита боғлиқ. Маълумотларга кўра, табиий камайиш йилига тахминан 500 минг кишини ташкил этмоқда.

Россия бош вазири ўринбосари Татяна Голикованинг қайд этишича, 2030 йилгача пенсияга чиқадиган 10,1 миллион нафар ходимнинг ўрнини тўлдириш, бундан ташқари яна камида 800 минг нафар мутахассисни жалб қилиш талаб этилади. Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳам кўплаб тармоқларда ишчи кучи танқислиги сақланиб қолаётганини тасдиқлаган.

Россия энди Ҳиндистондан кўпроқ ишчи жалб қилмоқда

Ишчи кучи етишмовчилиги фонида Россия меҳнат миграцияси манбаларини кенгайтиришга уринмоқда.

Россия ҳукумати 2026 йил учун визали режим асосида кириб келадиган давлатлар фуқаролари орасидан 278 940 нафар ишчига квота ажратган. Бу 2025 йилги кўрсаткичдан тахминан 19 фоизга кўп.

Россиянинг Ҳиндистондаги элчиси Денис Алиповнинг айтишича, 2026 йилнинг июн ойига келиб Россияда 70 мингдан ортиқ Ҳиндистон фуқароси меҳнат қилган. Россия ҳукумати мазкур мамлакатдан уюшган тарзда ишчилар жалб қилишни давом эттириш ниятида.

Шу билан бирга, Россия ва Кения ўртасида меҳнат миграцияси бўйича квоталарни кенгайтириш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Марказий осиёликлар ҳамон миграция оқимининг асосий қисмини ташкил этмоқда

Ҳиндистон, Кения, Бангладеш ва бошқа давлатлардан ишчиларнинг келиши Марказий Осиёдан борган мигрантларнинг ўрнини тўлиқ босишини англатмайди. МДҲ давлатлари фуқаролари ҳали ҳам Россиядаги миграция оқимининг катта қисмини ташкил этади.

Шунга қарамай, Россия ишчи кучи излаш географиясини тобора кенгайтирмоқда. Ҳиндистон ва Кениядан ташқари, Бангладеш каби мамлакатлар ҳам бу борада тилга олинган.

Валентина Чупикнинг шахсий ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Россия иқтисодиётига амалдагидан кўра кўпроқ меҳнат мигрантлари талаб этилади. Унинг баҳолашича, мамлакат иқтисодиётини ушлаб туриш учун йилига 6,5 миллион, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун эса 12 миллион меҳнат мигранти зарур. Ҳозирги кунда эса Россияга ишлаш учун тахминан 2,5 миллион нафар меҳнат мигранти келмоқда.

Мигрантлар учун бошқа йўналишлар ҳам пайдо бўлмоқда

Ҳозирда Марказий осиёлик мигрантлар Россиядан ташқари Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонида ишлаш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Шу тариқа, Россияда миграция сиёсати бир вақтнинг ўзида икки хил йўналишда кечмоқда: бир томондан, хорижликлар устидан назорат ва чекловлар кучайтирилмоқда, иккинчи томондан эса, иқтисодиётдаги ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида янги мамлакатлардан ишчилар жалб қилинмоқда.

Марказий Осиёдан йўналган анъанавий миграция оқими қисқаришининг ўрнини мазкур усул орқали тўлдириш ва Россия иқтисодиётининг ишчи кучига бўлган кўп миллионли эҳтиёжини қондириш мумкин бўладими ёки йўқ — буниси ҳозирча номаълум.

Аммо шуниси аниқки, бугунги кунда Россия мигрантларнинг бир тоифаси учун яшаш ва ишлаш шароитларини тобора мураккаблаштираётган бўлса, янги ишчи кучини ўз чегараларидан янада узоқроқ ҳудудлардан изламоқда.

Теглар

Мавзуга оид