
Микромолия ташкилотларига исломий молия хизматлари кўрсатишга рухсат берилди
Марказий банк қарори билан микромолия ва факторинг ташкилотлари ҳамда ломбардлар энди исломий молия тамойиллари асосида хизмат кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистонда микромолия, факторинг ташкилотлари ва ломбардларга исломий молия хизматларини тақдим этишга расман рухсат берилди. Бу ҳақда Марказий банк бошқаруви қарорида маълум қилинди.
Янги тартибга кўра, мазкур ташкилотлар «Микромолия ташкилотлари ва ломбарлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисида»ги низом доирасига киритилди. Шу билан бирга, уларга исломий молиянинг бир қатор хизмат турларини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Хусусан, исломий ижара, муробаха (насия савдога асосланган молиялаш), музораба (фойдани тақсимлаш асосидаги шериклик), мушорака (фойда ва зарарни бўлиш асосидаги шериклик) ҳамда салам (олдиндан тўлов асосидаги молиялаш) хизматларини кўрсатиш мумкин бўлади.
Қарорда ташкилотлар фаолиятидаги захира фондларини шакллантириш, активлар сифатини баҳолаш ва «умидсиз» қарзларни ҳисобдан чиқариш тартиблари ҳам аниқ белгилаб берилган. Шунингдек, капиталнинг етарлилик коэффициенти жами хусусий капиталнинг активларга нисбати орқали ҳисобланади ва у 10 фоиздан кам бўлмаслиги шарт.
Низомга мувофиқ, бир қарздор ёки ўзаро боғлиқ қарздорлар гуруҳига тўғри келадиган таваккалчилик ташкилот капиталининг 25 фоизидан, барча йирик таваккалчиликлар йиғиндиси эса 5 баробаридан ошмаслиги лозим.
Микромолия ва факторинг ташкилотлари ҳамда ломбардлар ҳар ой Марказий банкка тўлиқ молиявий ҳисобот тақдим этиши мажбурий ҳисобланади. Ҳисоботлар исломий ижара, муробаха, музораба, мушорака ва салам хизматлари бўйича маълумотларни ҳам қамраб олади. Электрон ҳисоботларни юборишнинг сўнгги муддати ҳар ойнинг 10-санаси этиб белгиланган.
Ўзбекистонда исломий молия тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир неча йилдан буён давом этмоқда. 2024 йилда «Исломий банк тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у фуқаролар ва бизнес учун муқобил молиявий хизматларни жорий этишни кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz исломий банкларнинг асосий мақсад ва чекловларини, лицензия масаласидаги янгиликларни, шунингдек 2018 йилдан буён давом этаётган жараёнларни ҳамда ўзбекистонликларнинг бу хизматларга қай даражада эҳтиёжи борлигини таҳлил қилган эди.





