Logo

Мирзиёев Тўқаевни янги Қурултой сайлови билан табриклади

Ўзбекистон президенти Қозоғистондаги парламент сайловлари якунлари муносабати билан Тўқаевга мактуб йўллади.

Мирзиёев Тўқаевни янги Қурултой сайлови билан табриклади © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга мактуб йўллаб, мамлакатнинг янгиланган парламенти — Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини сезиларли даражада кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.

Мактубда Сайловларда фуқароларнинг фаол иштироки Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган, Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини янада оширишга қаратилган кенг кўламли конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин тасдиғи экани қайд этилди.

Мирзиёев асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан боғланган қардош қозоқ халқи заминида амалга оширилаётган янгиланишларнинг юксак натижаларидан самимий мамнун эканини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик икки дўст мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги сифат босқичига кўтарилишига ишонч билдирилди.

Мактуб якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Теглар

Мавзуга оид