Logo

Мўғулистон банки Ўзбекистоннинг микроқарз бозорига кирмоқчи

Бугун 21:394 дақиқа

Банкнинг бош компанияси хорижий бозорлардаги фаолиятини кенгайтириш учун Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли кредитлаш хизматларини йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли йўналишлар сифатида кўриляпти. Банк бу мамлакатларда анъанавий филиаллар очиш ўрнига, мижозларга интернет орқали микроқарз ва истеъмол кредитларини тақдим этиш моделини кўриб чиқяпти.

Мўғулистон банки Ўзбекистоннинг микроқарз бозорига кирмоқчи © Foto: Bogd Bank

Мўғулистондаги «Bogd Bank» Ўзбекистон бозорида микроқарз хизматларини таклиф этиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси тақдим этган маълумотларда келтирилган.

Банкнинг бош компанияси «Bogd FT Limited» тақдим этган ҳужжатда қайд этилишича, компания хорижий бозорлардаги фаолиятини кенгайтириш учун Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли кредитлаш хизматларини йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.

Банк мазкур мамлакатларда анъанавий филиаллар очиш ўрнига, мижозларга интернет орқали микроқарз ва истеъмол кредитларини тақдим этиш моделини кўриб чиқяпти. Бунда кредит олиш учун аризалар онлайн тарзда қабул қилинади, қарз олувчиларнинг тўлов қобилияти автоматлаштирилган тизимлар ёрдамида баҳоланади. Шунингдек, хизматларни маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда ривожлантириш режалаштирилган.

«Bogd FT Limited»нинг фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистонда молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ҳамда рақамли кредит маҳсулотларига қизиқиш ортиб бораётгани компания учун янги имкониятлар яратиши мумкин. Шунга қарамай, «Bogd Bank» ҳозирча фақат Мўғулистон ҳудудида ишлайди. Унинг бошқа мамлакатларга кириши маҳаллий қонунчилик талаблари, регуляторларнинг рухсати, бозор шароитлари ва компаниянинг молиявий ресурсларига боғлиқ бўлади.

«Bogd FT Limited» ўз акцияларини АҚШнинг «NYSE American» фонд биржасида оммавий сотувга чиқаришга ҳозирлик кўрмоқда. IPO жараёнида жами 6,25 млн дона акция сотувга қўйилиши кўзда тутилган. Ҳар бир акция учун 4–6 доллар оралиғидаги нарх белгиланган. Бу орқали 25 млн доллардан 37,5 млн долларгача маблағ йиғилиши мумкин. Биржадаги акциялар BOGD савдо белгиси остида таклиф этилиши режалаштирилган. Бироқ ҳозирча листинг учун берилган ариза маъқулланмаган. Шу сабабли акциялар савдоси бошланиши ва IPO муваффақиятли якунланиши ҳозирча аниқ эмас.

Ҳужжатда ёзилишича, акциялар белгиланган энг паст нархда сотилган тақдирда, барча тегишли харажатлар чиқариб ташлангач, «Bogd FT Limited» ихтиёрида қоладиган соф тушум тахминан 21,7 млн доллар бўлади. Агар андеррайтерлар қўшимча акцияларни сотиб олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланса, соф тушум миқдори 25,2 миллион долларни ташкил этиши мумкин.

Акцияларни сотишдан тушадиган соф маблағлар қандай мақсадларга йўналтирилади?

Тушумнинг тахминан 70 фоизи ёки 15,2 миллион доллар компаниянинг кредит ажратиш фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилади. Бу маблағлар Мўғулистон ичида, шунингдек, Марказий Осиёнинг айрим давлатларида кредитлаш фаолиятини ривожлантиришга сарфланади. Хусусан, маблағларнинг салмоқли қисми Қозоғистон ва Ўзбекистонда микрокредитлаш ҳамда рақамли кредитлаш хизматларини кенгайтиришга ажратилади.

Компания бунинг учун тегишли давлат органларидан зарур рухсатномалар олиниши кераклигини айтди. Режалар рақамли кредит аризаларини қабул қилиш тизимини яратиш, мижозларнинг кредит олиш имкониятини автоматик баҳолаш технологияларини жорий этиш, маҳаллий ҳамкорлар билан ишлаш ва аҳоли ҳамда кичик бизнес вакилларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини оширишни ўз ичига олади. Компания фикрича, ушбу бозорларда молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси нисбатан пастлиги ва рақамли кредитларга талаб ортиб бораётгани сабабли янги имкониятлар мавжуд. Маблағларнинг қолган қисми эса компания фаолият юритаётган мамлакатдаги кредит портфелини кенгайтириш, жумладан, жисмоний шахслар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда корхоналарга кредит ажратиш учун ишлатилади.

Соф тушумнинг тахминан 20 фоизи ёки 4,3 миллион доллар технологияларни ривожлантиришга сарфланади. Бунга рақамли маҳсулот ва хизматларни такомиллаштириш, асосий банк тизимларини янгилаш, жараёнларни автоматлаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш ҳамда банк фаолият юритаётган ҳудудларда бизнесни кенгайтириш имконини берадиган рақамли инфратузилмани ривожлантириш киради. Тахминан 10 фоизи ёки 2,2 миллион доллар савдо ва мижозларга хизмат кўрсатиш каналларини ривожлантиришга йўналтирилади. Жумладан, мижозларнинг активларини сақлаш ва бошқариш бўйича банк хизматларини йўлга қўйиш, бой мижозлар учун молиявий хизматлар ва хусусий банк хизматларини кенгайтириш, янги мижозларни жалб қилиш каналларини яратиш ҳамда мижозлар билан ишлаш тизимини мустаҳкамлаш режалаштирилган.

«Bogd Bank» фаолияти ва молиявий кўрсаткичлари

«Bogd Bank» 2014-йилда Мўғулистонда ташкил этилган. У аҳоли ва бизнес вакилларига турли молиявий хизматларни тақдим этади. Банк фаолиятида истеъмол кредитлари, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, омонатлар ҳамда рақамли тўлов хизматлари муҳим ўрин тутади. 2026-йил 30-июн ҳолатига кўра, банк активларининг умумий қиймати тахминан 390 млн долларга тенг бўлган. 2026-йилнинг дастлабки олти ойида банкнинг соф фойдаси қарийб 5,9 млн долларга етган. Банкнинг Мўғулистон бўйлаб 17 та филиали ва 8 та банкомати бор.

«Bogd Bank» рақамли хизматларни ривожлантиришни бир неча йилдан буён устувор йўналиш сифатида белгилаб келади. Жумладан, 2017-йилда мижозларни банкка бормасдан, масофадан туриб рўйхатдан ўтказиш имконияти жорий қилинган.

Бугунги кунда банкнинг рақамли тизимлари орқали мижозлар ҳисобварақларини бошқариши, омонат очиши, тўловларни амалга ошириши ва айрим кредит турларини олиш учун электрон ариза юбориши мумкин. Компания айнан шу йўналишда тўплаган тажрибасини келгусида хорижий бозорларда ҳам қўллашни режалаштирмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистонда рақамли кредитлаш хизматларини йўлга қўйиш режаси ҳам мазкур стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид