add

Наманганда ўқитувчиларнинг пулини «шилиш» учун тузилган «бункер» аниқланди

20.11.2025 | 19:265472 Дақиқа

Наманганда таълим масъуллари ўқитувчилардан пул ундириб, аттестация тестларини «бункер» орқали масофадан ҳал қилиб бериш схемасини йўлга қўйгани аниқланди.

Наманганда ўқитувчиларнинг пулини «шилиш» учун тузилган «бункер» аниқланди

Наманган шаҳрида таълим тизимида ишловчи мансабдор шахслар томонидан ташкил қилинган «бункер» фош этилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган вилояти Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи ҳамда ушбу бўлим мутахассиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, малака тоифаларини белгилаш учун ўтказилган аттестация имтиҳонлари доирасида тест синовларини топширишларида педагог ўқитувчиларга моддий манфаат эвазига «бункер» орқали масофадан туриб ёрдам берган.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари «бункер» сифатида фойдаланилаётган хонадонни кўздан кечирганда ушбу манзилда тест саволларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи борлиги аниқланган. Ноутбук, 30 дона ҳар хил турдаги эшитиш мосламаси ва яширин камералар, 8 дона «Wi-Fi» роутер ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

«Терговга қадар текширув тадбирлари давомида, мактаб директори ўринбосари ва бошқалар имтиҳон натижаларини ижобий ҳал қилиб беришга ишонтирган ҳолда, вилоятдаги педагог ўқитувчиларнинг маълум бир қисмидан 1300-1500 доллардан талаб қилиб, жорий йил сентябр-октябр ойларининг ўзида 25 минг доллар миқдорида пул маблағи йиғиб олишган», - дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари ҳамда «бункер»ни бошқараётган, 2001 й.т. фуқаро муқаддам айнан шундай жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳисобланади», - дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид