Нархи ўзгарадиган электр энергияси ва табиий газ, қарздор қурилиш компаниялар ва Марказий банкнинг «банкомат талаби» — 15 май дайжести

Кеча 22:523 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Нархи ўзгарадиган электр энергияси ва табиий газ, қарздор қурилиш компаниялар ва Марказий банкнинг «банкомат талаби» — 15 май дайжести

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди

2026 йил бошидан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «яшил» энергия ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ошди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 14 май ҳолатига қуёш электр станциялари 2,3 млрд kWh, шамол электр станциялари эса 1,6 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарган. Жами қайта тикланувчи манбалар ҳисобига 6,1 млрд kWh электр энергияси олинган.

Бу ҳажм орқали 1,6 млрд куб метр табиий газ тежалган ва атмосферага 3,4 млн тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқарилиши олди олинган. Мутахассисларга кўра, ишлаб чиқарилган энергия ўртача 4,4 млн хонадоннинг 4,5 ойлик электр истеъмолига тенг. Шу билан бирга, қуёш панеллари орқали ортиқча электр энергиясини давлатга сотиш тарифини 800 сўмдан 250 сўмга тушириш эҳтимоли тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

Электромобиллар улуши ошиб, маҳаллий автомобиллар қисқармоқда

Ўзбекистон автомобиль бозорида электромобиллар улуши тез ўсмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, 2024 йил июнида жами таклифларда электромобиллар улуши 5,4 фоиз бўлган бўлса, 2026 йил апрелига келиб бу кўрсаткич 10 фоизга етган. Шу билан бирга, маҳаллий автомобиллар улуши 53,7 фоиздан 47 фоизгача қисқарган.

Таҳлилларга кўра, иккиламчи бозорда «Cobalt» нархи барқарор қолган, «Onix» эса қимматлашган. «Damas», «Labo» ва «Nexia» моделларида арзонлашиш кузатилган. Электромобиллар сегментида «BYD Seagull» 15,5–16 минг доллар, «Yuan Up» 20–21,5 минг доллар атрофида баҳоланмоқда. Ҳисобот OLX платформасидаги очиқ эълонлар асосида тайёрланган.

Қайси қурилиш компаниялари энг кўп солиқ қарздорлигига эга?

Ўзбекистонда 2026 йил 1 май ҳолатига қурилиш соҳасида солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган 1 973 та корхона қайд этилди. Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, уларнинг умумий қарзи 2,9 триллион сўмдан ошган. Қарзнинг 35,5 фоизи эса солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та компания ҳисобига тўғри келади.

Энг катта солиқ қарзи Андижондаги «New Building Trade Servis» МЧЖ ҳисобига тўғри келиб, компаниянинг қарзи 364,8 миллиард сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳридаги «Tash Building» МЧЖ — 174,2 миллиард сўм ва «Aziya Invest Favorit» МЧЖ — 138,6 миллиард сўм қарз билан қайд этилган. Ҳудудлар кесимида энг юқори қарздорлик Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақланиб қолади. Маиший истеъмолчилар учун ойига 200 кВт/соатгача электр энергияси нархи 650 сўм, 201–500 кВт/соат оралиғида 900 сўм, 501–1000 кВт/соатгача эса 1100 сўм этиб белгиланган.

Табиий газ бўйича аҳоли учун иситиш мавсумида 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1100 сўмдан ҳисобланади. Қарорда энергия ресурсларини етказишдаги йўқотишларни камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш вазифалари ҳам белгиланган.

Марказий банк банкомат муаммоларини тезкор ҳал қилишга чақирди

Марказий банк тижорат банклари ва тўлов хизматларини банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал қилишга чақирди. Регуляторга кўра, банк картасидан пул ечилгани ҳолда нақд пул берилмаслиги, карта банкоматда қолиб кетиши ёки асоссиз комиссия ушланиши каби ҳолатлар фуқароларнинг мулкий манфаатларига салбий таъсир қилмоқда.

Марказий банк банклар ва тўлов сервисларига муаммоли мурожаатларни устувор тартибда кўриб чиқиш, мижозларга аниқ маълумот бериш ва тасдиқланган хатоликлар бўйича маблағларни автоматик қайтаришни тавсия қилди. Шунингдек, банкоматларнинг техник ҳолатини яхшилаш, эски қурилмаларни алмаштириш ва носозликларга тезкор чора кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.

Теглар

Мавзуга оид