Марказий банк банкомат муаммоларини тезкор ҳал қилишга чақирди
Банк картасидан пул ечилгани ҳолда нақд пул берилмаслиги ёки асоссиз комиссия ушланиши каби ҳолатлар юзасидан Марказий банк тижорат банклари ва тўлов хизматларини банкоматлар ишини тубдан яхшилашга чақирди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларига банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал қилиш бўйича қатор кўрсатмалар берди. Регулятор таъкидлашича, картанинг банкоматда қолиб кетиши, операция муваффақиятсиз якунланганига қарамай комиссия ушланиши ёки ҳисобдан пул ечилгани ҳолда нақд маблағ берилмаслиги каби ҳолатлар фуқароларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир қилмоқда.
Марказий банкка кўра, айрим ҳолатларда мижозларга муаммо юзасидан ўз вақтида ахборот берилмайди. Шунингдек, банклар ва бошқа ташкилотлар масъулиятни бир-бирига юклаб, карта эгаларини турли бўлимлар ўртасида сарсон қилаётгани қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, Марказий банк банклар ва тўлов сервисларига банкоматлар ишини яхшилаш бўйича қуйидаги кўрсатма ва тавсияларни берди:
Банкомат билан боғлиқ муаммода ҳаракатлар кетма-кетлигини тушунтириш, комиссия ҳақида олдиндан шаффоф маълумот ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш бериш;
Нақд пул берилмаслиги ёки карта қолиб кетиши каби ҳолатларни устувор мурожаат деб белгилаш, мурожаатнинг ИД-рақами ва кўриб чиқиш муддати ҳақида тасдиқнома бериш;
Муаммони журналлар, видео, инкассация далолатномаси кабилар орқали тасдиқлаш имкони бўлса, мижозни банк офисига қайта-қайта чақирмаслик ва турли бўлимлар ўртасида сарсон қилмаслик;
Cалл-марказ, мобил илова, сайт ёки филиал орқали мурожаатдан қатъи назар, мижозга ҳодиса бўйича бир хил сифат ва мазмунга эга аниқ ва тушунарли маълумот бериш;
«Мурожаатни кўриб чиқиш»дан «кафолатланган натижа» моделига ўтиш — пулдан фойдаланиш имконияти тикланган вақтни ҳисобга олиш ҳамда тасдиқланган хатоликлар бўйича маблағларни мижоз мурожаатисиз «проакти» тарзда қайтариш;
Ички тартибни қайта кўриб чиқиб, амалга оширилмаган хизмат учун ушлаб қолинган комиссияни асосий сумма билан бирга ёки автоматик равишда қайтариш;
Муваффақияциз амалиётларни тезкор қайта ишлаш, инсон омилини қисқартириш ва носозликларга тезкор чора кўриш;
Банкоматларнинг техник ҳолати, шу жумладан алоқа, электр таъминоти, УПС-тизимлари ишлашини таъминлаш, эскирганларини алмаштириш ҳамда кўча юзаларидаги ёки кўп шикоят тушаётган қурилмаларни профилактик текшириш.
Марказий банк аввалроқ қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этмагани ва текширувлар давомида аниқланган камчиликлар сабабли 2 та банк ҳамда 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўллаган эди.





