
Нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақоми белгиланди
Эндиликда бош муҳаррирликка олий маълумотли ва ноширлик фаолиятида камида 3 йиллик тажрибага эга бўлганлар тайинланиши лозим.

3 ноябрдаги ЎРҚ–1093-сонли Қонун билан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Ушбу Қонун билан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга қуйидагиларга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди:
- нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
- китобхонлик маданиятини рағбатлантириш.
Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида 3 йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.
Шунингдек, бош муҳаррир ташкилотнинг муассиси (муассислари) ёки раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Шунингдек, нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилинади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.





