«Нефт боқади, лекин ривожлантирмайди»: Қозоғистон иқтисодиётида нима ўзгаряпти?

Бугун 13:134 дақиқа

Қозоғистонда хомашё экспортига суянишдан воз кечиш ва қайта ишлаш саноатига ўтиш бўйича янги иқтисодий стратегия амалга оширилмоқда, аммо экспертлар бу жараён ҳали бошланғич босқичда эканини таъкидламоқда.

«Нефт боқади, лекин ривожлантирмайди»: Қозоғистон иқтисодиётида нима ўзгаряпти?

Хомашё экспортига суянишдан иборат стратегия узоқ муддатли ва барқарор ҳисобланмай қолди, айниқса дунёдаги сўнгги глобал ўзгаришлар фонида. Шу сабабли Қозоғистон бугун янги саноат сиёсатини амалга оширмоқда: асосий эътибор қайта ишлаш саноатига ўтиш, индустриал зоналарни ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Энг муҳими, иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича дастлабки ўзгаришлар ҳам сезила бошлаган. Лекин барибир Қозоғистон бу йўлда қай даражада илгарилади – бу ҳақда эксперт Артур Шахназарянга таяниб, «Orda.kz» ёзди.

«Шамол олиб келади – шамол олиб кетади»
Нефт-газ соҳаси эксперти ва Атирау НПЗ экология омбудсмани Артур Шахназаряннинг фикрича, Қозоғистон ҳақиқатан ҳам хомашёга боғлиқликдан чиқиш учун жиддий қадамлар қўймоқда. Бироқ унинг айтишича, саноат трансформацияси вақт талаб қилади ва унинг натижалари макроиқтисодий кўрсаткичларда дарҳол намоён бўлмаслиги мумкин.
«Қозоғистон катта саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Лекин рақамларга қарасак, ҳозирча радикал бурилиш ҳақида гапиришга эрта. Кўпроқ мамлакат янги саноат базасини шакллантириш босқичида», – дейди Шахназарян.
Унинг таъкидлашича, диверсификация жараёни бор, лекин унинг самараси босқичма-босқич кўринади ва бу узоқ муддатли стратегиядир.
Эксперт фикрича, саноат сиёсатидаги асосий чақириқлардан бири экспортдан келган валюта тушумларининг мамлакат ичида кўпроқ айланишини таъминлашдир. Қозоғистон ҳали ҳам даромаднинг катта қисмини хомашё секторидан олади, аммо барқарор ўсиш учун ички ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва локализацияни ривожлантириш муҳим.
«Нефтдан тушадиган пуллар мамлакатга кириб келади, лекин худди шундай тезликда импорт товарларини сотиб олиш орқали чиқиб кетади. Айрим маълумотларга кўра, Қозоғистон аҳолиси истеъмол қиладиган товарларнинг фақат 4 фоизи мамлакатда ишлаб чиқарилади, қолган 96 фоизи – импорт. «Шамол олиб келади — шамол олиб кетади», дейишади», – деб ҳисоблайди Шахназарян.
Артур Шахназаряннинг таъкидлашича, нефт, металл ва уран ҳануз экспортнинг асосий улушини ташкил қилади, қайта ишлаш саноатининг ЯИМдаги улуши эса сўнгги 10 йилда деярли ўзгармаган.
«Биз мамлакат ичида яхши сервислар ва рақамли маҳсулотлар яратишни ўргандик, лекин барибир баррел нархига боғлиқмиз – айнан шу тушумлар бу ривожланишни қоплайди», дейди у.
Шу сабабли, унинг баҳосига кўра, Қозоғистон ҳали ҳам «пойдевор қўйиш» босқичида: транспорт коридорларини қурмоқда, солиқ тизимини ўзгартирмоқда ва қиймат қўшилган маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлган тармоқларни изламоқда.

Саноат сакрашини қаердан кутиш мумкин?

Бу ерда гап ҳар қандай саноат ўсиши ҳақида эмас, балки ички қиймат яратадиган, яъни иқтисодиётни ҳақиқатан ўзгартирадиган ўсиш ҳақида кетмоқда. Агар корхона фақат тайёр деталларни йиғса, импорт қисмларга ёки битта йирик буюртмачига боғлиқ бўлса, у айрим кўрсаткичларни яхшилаши мумкин, лекин бутун иқтисодиётга жиддий таъсир қилмайди.
Шахназарян энг истиқболли йўналишлар қаторида, биринчи навбатда, Атирау вилоятида газ-кимё саноатини ажратиб кўрсатади. Шунингдек, унинг фикрича, ҳозирги кунда хомашёни чуқур қайта ишлаш, импортни ўрнини босиш ва юқори технологик машинасозликка йўналган тармоқлар энг истиқболли ҳисобланади.
«Машинасозлик ва автомобилсозлик кўпинча муваффақиятли йўналиш сифатида тилга олинади ва статистикада улар ҳақиқатан ҳам тез ўсишни кўрсатиши мумкин. Лекин бу ерда фақат маҳсулот ҳажмини эмас, балки локализация даражасини ҳам кўриш муҳим», – дейди у.
Унинг фикрича, потенциал озиқ-овқат саноатида ҳам бор, айниқса буғдойни чуқур қайта ишлаш йўналишида. Лекин бу ҳам таққослашга боғлиқ: экспертга кўра, ҳақиқий бурилиш бошқа соҳада бўлади.
«Реал саноат сакрашини фақат газ-кимё лойиҳаларини амалга оширишдан кутиш мумкин», – дейди Шахназарян.

«Моногород»ларнинг икки хил табиати
Бу нуқтаи назарда моногородлар муаммонинг локал кўринишини яққол намоён қилади: уларда бутун иқтисодиёт битта турдаги саноатга боғлиқ бўлади. Агар мамлакат даражасида бу боғлиқлик нефт-газ соҳасига тегишли бўлса, моногородларда бу вазифани шаҳарни сақлаб турган йирик корхона бажаради.
«Моногород»лар барча камчиликларига қарамай, Қозоғистоннинг саноат «каркаси» сифатида сақланиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, улар мамлакат саноат ишлаб чиқаришининг учдан биридан кўпроғини таъминлайди.
Шахназаряннинг фикрича, Қозоғистон саноат сиёсатида «моногород»лар икки ёқлама ўрин тутади.
«Замонавий саноат сиёсатида «моногород»лар икки хил ҳолатда: бир томондан, мавжуд инфратузилма туфайли ўсиш нуқталари, иккинчи томондан эса ижтимоий заифлик сабабли хавфли ҳудудлар ҳисобланади», – дейди у.

Эксперт айтишича, энг заиф нуқта – бу хомашёга асосланган шаҳарлар. Шу билан бирга, айрим саноат марказларида ривожланиш салоҳияти сақланиб қолмоқда. У мисол сифатида Темиртауни ва металлургия йўналишини келтиради.
«У ерда инфратузилма бор, қайта тайёрлаш осонроқ бўлган кадрлар мавжуд, электр тармоқлари ҳам шаклланган», – дейди у.
Унинг фикрича, янги саноат сиёсатига энг тез мослаша оладиган шаҳарлар – машинасозлик, металлургия ёки кимё саноати ривожланган ҳудудлар. Нефт ва рудага боғлиқ шаҳарлар эса бунга кўпроқ вақт ва аниқ, мақсадли давлат қўллаб-қувватловини талаб қилади.
Агар «моногород»ларни битта йирик корхонага боғлиқликдан чиқариш, масалан, Саран ва Экибастузда бўлгани каби, амалга оширилса, бу бутун иқтисодиёт учун муҳим модел бўлиши мумкин. Чунки саноат диверсификацияси фақат йирик миллий дастурлардан эмас, балки аниқ шаҳарлар, корхоналар ва иш ўринларидан бошланади.
Ҳозирча Қозоғистон икки иқтисодий модел орасида турибди: эски хомашё иқтисодиёти ҳали ҳам бюджетни таъминлаб, барқарорликни ушлаб турибди, янги саноат сиёсати эса эндигина шаклланмоқда. Мамлакат айрим лойиҳаларни юқори қўшилган қийматли тўлиқ тизимга айлантира олса, нафақат саноатнинг, балки бутун иқтисодиётнинг келажаги ҳам шунга боғлиқ бўлади.

Теглар

Мавзуга оид

«Нефт боқади, лекин ривожлантирмайди»: Қозоғистон иқтисодиётида нима ўзгаряпти? | Vaqt.uz