
Нефт-газ даври интиҳоси узоқ: Ғарб прогнозларни қайта кўриб чиқди
Энергия ресурсларини импорт қилувчи бой давлатлар шу пайтгача бутун дунё яқин вақт ичида қазилма ёқилғи истеъмолини оширишдан тўхтайди, деб ҳисоблаётганди.

Аммо бу ҳафта улар прогнозларини қайта кўриб чиқишди — бу Россия, Саудия Арабистони ва Доналд Трамп бошчилигида нефт ва газга таяниб қудрат оширган АҚШ каби йирик экспортёрлар учун қувонарли янгилик бўлди.
Бироқ Ғарб истеъмолчилари учун ҳам вазият унча ёмон эмас. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) тайёрлаган сўнгги сценарийларга кўра, дунёда нефт етарлича, газ эса ундан ҳам кўпроқ. Шунинг учун яқин ойларда бензин нархининг тушиши, кейинги йилларда эса газ, ёруғлик ва иссиқлик учун тарифлар арзонлашиши кутилмоқда.
Баъзи мутахассислар бу ҳолат Европа учун ижобийдир, деб ҳисоблашмоқда. Улар Европа ўн йиллик охиригача Россиядан энергия ресурсларини импорт қилишни тўлиқ рад этиш мақсадига етиши мумкин. Аммо бошқаларнинг фикрича, IEA’нинг янги прогнозлари аксинча, Россия ва бошқа энергетик давлатларга асосий экспорти яқин келажакда ҳам талабгор бўлиши ҳақида умид уйғотмоқда.
BBC нашрининг ёзишича, сўнгги беш йил давомида IEA бутун дунё «нефт чўққиси»га яқинлашаётганини башорат қиларди. Кейинроқ эса «газ чўққиси» ҳам юзага чиқиши, Ғарбга Россия, Эрон, Венесуэла ва Саудия Арабистони каби нефт автократларига бўлган энергетик боғлиқликдан халос бўлиш имконини беради, деб таъкидларди. Шу орқали атмосферага чиқариладиган зарарли газлар камайиб, глобал иқлим фалокати олди олинади, деган умид бор эди.
Бироқ бу йил IEA позициясини ўзгартирди. Нега?
Путин, санкциялар ва Трамп
«Сабаби — сўнгги бир йилда дунё тубдан ўзгарди», — деди Халқаро энергетика агентлиги (IEA) раҳбари Фатиҳ Бирол матбуот анжуманида. Европа ва АҚШ Россия нефтига қарши санкцияларни кенгайтирди, бу орқали Владимир Путинни Украинага тажовузни тўхтатишга мажбурлаш ният қилинган. Ҳозир эса улар Россия табиий газига ҳам эмбарго тайёрламоқда.
Шу вазиятда айрим Ғарб мамлакатлари қазилма ёқилғидан воз кечиб, барқарор манбаларга ўтиш режаларини юмшатди. АҚШда эса ҳокимиятга Доналд Трамп қайта келди ва «қази, болажоним, қази» шиори остида Жо Байден даврида қабул қилинган «яшил» ислоҳотлар ва субсидияларни бекор қилди.
«Энергетика сиёсати ўзгармоқда. АҚШ ҳукумати нефт қазиб олиш ва атом энергетикаси соҳасини қўллаб-қувватлашни кучайтирди. Шу билан бирга, шамол ва қуёш энергетикаси ҳамда электромобиллар хариди учун субсидиялар қисқартирилди. Яна бир қатор давлатлар эса ўтган йили энергетик хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўналишини ўзгартирди», — дейилади IEA’нинг сўнгги ҳисоботида.
Бироқ Трампнинг ислоҳотлари асосий сабаб эмас. Асосий омил — бойиб бораётган Осиё.
Бугунги дунё йилдан йилга кўпроқ энергия сарфламоқда (2000 йилдан бери +60 фоиз) ва бу ўсишга ягона туртки — ривожланаётган иқтисодиётлар, айниқса Хитой ва бошқа Осиё мамлакатлари. Айни пайтда ривожланган мамлакатларда энергия истеъмоли 2007 йилда энг юқори чўққига чиққан ва IEA’га кўра, камида 2035 йилгача бу кўрсаткич ошмайди.
Ривожланаётган мамлакатлар ҳозир дунё нефт ва газ экспортининг 45 фоизини сотиб олмоқда. 2035 йилга келиб, уларнинг улуши 60 фоизга етиши кутилмоқда.
Шунинг учун IEA’нинг янги сценарийларига кўра, нефтга талаб яқин икки йилда тўхтамайди, балки 2030 йилгача ўсишда давом этади. Бу эса энергетика соҳасида эълон қилинган ислоҳотлар амалда рўёбга чиқса, шундай бўлиши мумкин.
Консервативроқ сценарийда — яъни ҳозирги энергетика сиёсати ўзгармас экан, нефтга талаб 2050 йилгача ҳам ўсаверади.
Газга талаб эса бу ҳолатда 2050 йилдан кейин ҳам ўсишда давом этади. Ҳатто «яшил» иқтисодиётга муваффақиятли ўтиш шароитида ҳам газга эҳтиёж қолади, чунки нархи тушади. Бу, айниқса, АҚШ ва Қатардаги суюлтирилган газ лойиҳалари тўлиқ амалга ошса, шундай бўлади.
IEA огоҳлантиришича, газга бўлган талаб энг яхши ҳолда 2030-йиллар охиридагина энг юқори нуқтага етиши мумкин.
«Реаллик билан тўқнашув»
Ғарбда кайфиятнинг ўзгариши нефт ва газ компанияларини қувонтирди. Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти — OPEC бундан мамнунлигини яширмади ва «биз сизни огоҳлантирган эдику-ку?» мазмунида махсус баёнот эълон қилди.
«2023 йил сентябрида IEA бутун дунёга нефт, газ ва кўмир ўтмишда қолганини эълон қилган эди, — дейилади баёнотда. — Икки йил ўтиб, IEA’нинг дадил тахминлари ҳаётдаги реаллик билан тўқнашди».
Нефт ва газнинг бой истеъмолчи мамлакатлари IEA’ни 1973–1974 йиллардаги йирик энергетика шокидан сўнг янги инқирозларни олдини олиш учун ташкил этган эди. Ўшанда араб давлатлари Исроилни Яқин Шарқ урушида қўллаб-қувватлагани учун Ғарбга нисбатан нефт эмбаргоси жорий қилган эди.
Шундай ҳолат яна такрорланмаслиги учун IEA ҳар йили энергетика соҳасида «янги қиёмат куни» сценарийларини тайёрлайди. Бу сценарийлар Ғарб давлатларининг сиёсатчилари учун ҳам, капитал ва инвестициялар тақсимоти билан шуғулланувчи бизнес вакиллари учун ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади. Агар IEA нефт энди керак бўлмай қолади, деб айтса, ҳукуматлар янги конларни ўзлаштиришга лицензия беришдан тийилади, банклар эса нефт ва газ лойиҳаларига кредит ажратмайди.
Энди эса OPEC пуллар яна оқишда давом этаверади, деб умид қилмоқда. Ғарб давлатлари эса нефтга бой автократиялар — шайхлар, генераллар ва умрбод президентлар билан алоқаларни сақлашга мажбур бўлади.
«Умид қиламизки, IEA’нинг янги сценарийси энергетика соҳасидаги воқеликка ҳушёр ёндашувга қайтишни ва «нефт чўққиси» ҳақидаги нотўғри тасаввурнинг юқори нуқтасини белгилашни англатади», — дейилади OPEC баёнотида.
Европа учун яхши хабар. Россия учун ҳам
«Россия Европа йўналишида қувур орқали газ етказиб беришни қисқартирганидан бери суюлтирилган табиий газ (СТГ) жаҳон газ бозоридаги асосий товарга айланди», — дейилади IEA ҳисоботида.
Бу товар эса тобора кўпаймоқда.
IEA прогнозига кўра, 2030 йилгача суюлтирилган газ таклифи фақатгина аллақачон тасдиқланган ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобига 1,5 баробарга ошиб кетади. Бу — ҳозирги таклифга қўшимча 300 миллиард метр куб демакдир. Бу эса Россия Европага газ етказиб турган вақтдаги йиллик 150 миллиард метр куб кўрсаткичидан икки баробар кўп.
Украинага бостириб кирилганидан кейин жаҳон газ бозорида Россиянинг ўрнини АҚШ эгаллади. Яъни, янги суюлтириш қувватларининг ярми айнан АҚШда ишга туширилаяпти. Яна 20 фоизга яқини Қатарда, қолган қисми Канада, Австралия ва бошқа давлатларга тўғри келади.
Бу ҳолат Европанинг фойдасига, чунки электр энергияси ва иссиқлик нархларининг тушиши, саноатнинг тикланиши ва Россия билан газ уруши давридан сўнг иқтисодий барқарорликни қайта таъминлаш имконини беради.
«Яқинлашиб келаётган СТГ фаровонлиги даври Европанинг энергетика хавфсизлиги учун жуда фойдали бўлади, — деди Колумбия университети қошидаги Халқаро энергетика сиёсати маркази вакили Окош Лос. — Бу, шунингдек, Европага Россия газидан воз кечиш бўйича белгиланган муддатларга амал қилиш имконини ҳам беради».
Бошқа таҳлилчилар эса унга қўшилмайди. Айниқса, уруш тугаса ва Россияга нисбатан санкциялар босқичма-босқич бекор қилинса, бу вазият яна ўзгариши мумкин, дейди Европа газ бозори бўйича Wood Mackenzie етакчи таҳлилчиси Том Марзек-Мансер.
«Мен Европа Иттифоқининг 2028 йилгача Россия қувур газидан тўлиқ воз кечиш режаларига бироз шубҳа билан қарайман», — деди у.
АҚШ босимига қарамай, айнан Доналд Трамп ўз иттифоқчиси Виктор Орбан бошчилигидаги Венгриянинг Mol компаниясига Россия нефтини Венгрия ва Словакияга етказишда санкциялардан озод этишга рухсат берган эди.
Марзек-Мансер фикрича, худди шундай ҳолат 2030 йилдан кейин Ямалдан Россиянинг суюлтирилган газини етказиб беришда ҳам юз бериши мумкин. Чунки ҳозирги фаровонликдан кейин газ танқислиги ва нархлар ўсиши юзага келади. Агар уруш ўша вақтга келиб тугаган бўлса, Россия гази бозор учун яна ўта муҳим бўлади.





