Logo

Нефт ва газга қарши кураш барбод бўлдими? Қарийб 200 давлат «Анталия пакти»ни имзолай олмади

Бугун 22:156 дақиқа

БМТнинг COP-31 иқлим анжумани 2009 йилдан буён илк бор умумий сиёсий келишувсиз якунланди. 50 соатга кечиккан якуний мажлисда йирик давлатларнинг энергетика ва молия борасидаги манфаатлари кескин тўқнашди.

Нефт ва газга қарши кураш барбод бўлдими? Қарийб 200 давлат «Анталия пакти»ни имзолай олмади © REUTERS

2026 йил 22 ноябр куни Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси — COP-31 ўз ишини якунлади. Қарийб 200 давлат вакиллари қатнашган музокаралар нефт, газ ва кўмирдан фойдаланишни қисқартириш, иқлим ўзгаришига мослашиш учун маблағ ажратиш ҳамда ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш масалаларидаги келишмовчиликлар билан тугади.

Давлатлар Туркия ва Австралия раислиги таклиф этган умумий сиёсий ҳужжат — «Анталия пакти» бўйича келишувга эриша олмади. Натижада саммитнинг асосий якуний келишуви қабул қилинмади.  

«Рейтерс» маълумотига кўра, Анталия саммити 2009 йилги Копенгаген конференциясидан буён умумий сиёсий келишувсиз якунланган илк иқлим анжумани бўлди. Дастлаб 20 ноябрда тугаши белгиланган музокаралар келишмовчиликлар сабаб 22 ноябргача чўзилди, якуний ялпи мажлис эса режадаги муддатдан 50 соатдан ортиқ кечикди.

Нима учун асосий келишувга эришилмади?

Анталиядаги музокараларнинг энг баҳсли мавзуси қазилма ёқилғилардан — нефт, газ ва кўмирдан воз кечиш жараёнини қандай тезлаштириш масаласи бўлди.

Бу муаммо иқлим конференциялари учун янгилик эмас, бироқ 2023 йилда Дубайда ўтган COP-28 саммитидан сўнг у янада долзарб тус олганди. Ўшанда давлатлар илк бор якуний келишувда энергетика тизимларида қазилма ёқилғилардан адолатли, тартибли ва босқичма-босқич воз кечиш зарурлигини тан олган эди.

Ушбу келишув давлатларни бу жараённи жорий ўн йилликда тезлаштиришга ва 2050 йилгача соф нол чиқиндиларга эришиш мақсадларига мос ҳаракат қилишга чақирганди. Анталияда эса айнан шу мажбуриятларни қандай бажариш, уларни тезлаштириш ва янги халқаро ҳужжатда қандай акс эттириш борасида келишмовчилик келиб чиқди.

БМТнинг расмий материалларида қайд этилишича, Туркия ва Австралия раислиги дастлабки лойиҳада қазилма ёқилғилардан воз кечишни тезлаштириш, жумладан, энергетика тизимларида улардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатишни таклиф этган.

Бироқ 19 ноябрда эълон қилинган кейинги лойиҳадан қазилма ёқилғиларга оид бевосита ифодалар олиб ташланди. Навбатдаги таҳрирда ҳам нефт, газ ва кўмирни очиқ тилга олувчи аниқ мажбурият бўлмади. Ҳужжатда 2023 йилги Дубай келишуви эслатилган бўлса-да, қатор давлатлар буни етарли эмас деб топди.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия ҳамда иқлим ўзгаришидан энг кўп азият чекаётган бир қатор давлатлар якуний ҳужжатда қазилма ёқилғилардан воз кечиш бўйича аниқ ифода бўлишини талаб қилди. Улар нефт ва газ ҳақида очиқ айтилмаган ҳужжатни иқлим инқирозига муносиб жавоб деб ҳисобламади.

Бошқа томондан, Россия ва Саудия Арабистони каби иқтисодиётида нефт ва газ муҳим ўрин тутадиган давлатлар бундай ифодаларнинг ҳужжатга киритилишига қарши чиқди.

«Карбон Бриф» маълумотига кўра, якуний музокаралар олдидан 126 давлатдан иборат гуруҳ қазилма ёқилғилардан воз кечиш масаласини ҳужжатга қайтаришни талаб қилган. Аммо якуний матн бўйича барибир келишувга эришилмади.

Углеродни ушлаб қолиш технологиялари ҳам баҳсга сабаб бўлди

Нефт ва газдан воз кечиш масаласи билан бир қаторда углерод чиқиндиларини камайтириш технологиялари ҳам музокараларнинг энг мураккаб нуқталаридан бирига айланди.

Хусусан, якуний ҳужжат лойиҳаларида углеродни ушлаб қолиш ва сақлаш технологияларига таяниш масаласи кўтарилди. Бундай технологиялар саноат корхоналаридан атмосферага чиқадиган карбонат ангидридни ушлаб қолиш ва сақлашни назарда тутади.

Бу таклифни барча давлатлар ва экологик ташкилотлар бирдек маъқулламади. Танқидчиларнинг фикрича, углеродни ушлаб қолиш технологияларига ортиқча таяниш нефт ва газдан фойдаланишни давом эттириш учун баҳона бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Саудия Арабистони вакиллари эса бундай технологияларни иқлим ўзгаришига қарши курашнинг амалий ечимларидан бири сифатида баҳолади.

Шу тариқа икки хил ёндашув тўқнашди: бир томон чиқиндиларни манбаида камайтириш ва қазилма ёқилғилардан фойдаланишни қисқартириш шартлигини таъкидласа, иккинчи томон мавжуд энергетика тизимларида углеродни ушлаш технологияларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишни истади.

Иқлим ўзгаришига мослашиш учун ажратиладиган маблағ ҳам келишилмади

Анталия музокараларидаги иккинчи йирик келишмовчилик иқлим молияси билан боғлиқ бўлди.

Кун тартибида иқлим ўзгаришига мослашиш учун маблағ ажратиш, айниқса ривожланаётган ва табиий офатларга нисбатан заиф мамлакатларни қўллаб-қувватлаш масаласи турганди.

Иқлим ўзгаришига мослашиш деганда қурғоқчилик, сув танқислиги, кучли ёғингарчилик, тошқин, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бошқа табиий хавфларга тайёргарлик кўриш, уларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий оқибатларини юмшатиш чоралари тушунилади.

Ривожланаётган давлатлар бу йўналишда молиявий кўмакни оширишни талаб қилди. Хусусан, 2035 йилгача мослашув учун ажратиладиган маблағни йилига 120 миллиард долларга етказиш ва уни ҳисоблашнинг аниқ асосини белгилаш масаласи муҳокама қилинди. Бироқ якуний ҳужжат лойиҳаларида бу мақсаднинг аниқ миқдори ва ҳисоблаш мезонлари сақланиб қолмади.

Келишмовчилик нафақат маблағ миқдори, балки унинг манбалари ва тақсимланиш тартибига ҳам боғлиқ эди. Ривожланаётган мамлакатлар бой давлатларнинг молиявий масъулияти ва грант шаклидаги ёрдамни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган бўлса, ривожланган давлатлар бошқа молиявий манбалар ва хусусий сектор сармояларини жалб этишга эътибор қаратди.

2035 йилгача энергия истеъмолида электр улушини 35 фоизга етказиш таклиф қилинди

COP-31да Туркия илгари сурган муҳим йўналиш дунёда электрлаштириш жараёнини тезлаштириш бўлди.

Унга кўра, 2035 йилгача дунё бўйлаб якуний энергия истеъмолида электр энергияси улушини 35 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу транспортда электромобиллардан фойдаланишни кенгайтириш, саноатдаги айрим жараёнларни электр энергиясига ўтказиш, биноларни электрлаштириш ва бошқа технологияларни ривожлантиришни назарда тутади.

«Карбон Бриф» маълумотига кўра, ушбу ташаббусни тахминан 80 мамлакат қўллаб-қувватлаган.

Дунё иқлим ўзгариши бўйича белгиланган мақсадларга эриша оладими?

Саммитдаги келишмовчиликлар дунё иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳали етарли натижага эриша олмаган бир паллада юз берди.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури 2026 йил октябр ойида эълон қилган «Чиқиндилар бўйича тафовут» ҳисоботига кўра, амалдаги иқлим сиёсати сақланиб қолса, глобал ҳарорат аср охиригача саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 2,8 даражага ошиши мумкин.

Мамлакатлар Париж битими доирасида берган барча миллий мажбуриятларини тўлиқ бажарса ҳам, ҳарорат ўсиши 2,6 даража атрофида бўлиши прогноз қилинган. Бу эса Париж битимида белгиланган 1,5 даражали мақсаддан анча юқори.

Ҳисоботда ҳароратнинг 1,5 даражадан вақтинча ошиб кетишини имкон қадар чеклаш ва аср охиригача яна шу меъёрдан пастга қайтаришнинг энг мақбул сценарийси ҳам кўриб чиқилган. Бунинг учун глобал иссиқхона газлари чиқиндиларини 2030 йилгача 2025 йил даражасига нисбатан 18 фоизга, 2035 йилгача 45 фоизга ва 2040 йилгача 69 фоизга қисқартириш талаб этилади.

БМТ Атроф-муҳит дастури бунга эришиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, кўмир, нефт ва газ улушини камайтириш ҳамда метан чиқиндиларини қисқартириш зарурлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон учун бу музокаралар нимани англатади?

Иқлим ўзгариши бўйича халқаро келишувлар Ўзбекистон учун ҳам бевосита аҳамиятга эга. Мамлакат 2018 йилда Париж битимини ратификация қилиб, халқаро иқлим мажбуриятларини зиммасига олган.

Ўзбекистон 2025 йилда Париж битими доирасида учинчи миллий ҳиссасини — NDC 3.0 ҳужжатини тақдим этди. Унга кўра, мамлакат 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Ҳужжатда 2055 йилгача углерод нейтраллигига эришиш мақсади ҳам қайд этилган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 75 фоизи энергетика сектори ҳиссасига тўғри келади. Шу боис энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва табиий газ захираларига қарамликни камайтириш мамлакатнинг нафақат иқлим сиёсати, балки энергетик хавфсизлиги учун ҳам муҳим.

Бундан ташқари, Жаҳон банки иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари кўрилмаса, сув танқислиги, қурғоқчилик, экстремал иссиқлик ва бошқа хавфлар иқтисодиётга жиддий зарар етказишини қайд этган. Ҳисоботда мослашув чоралари кўрилмаган тақдирда, 2050 йилга келиб Ўзбекистон иқтисодиёти 10 фоизга қисқариши мумкинлиги прогноз қилинган.

Кейинги музокаралар Эфиопияда давом этади

Анталияда очиқ қолган масалалар бўйича музокаралар келгуси йилда давом этади. 2027 йилда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 32-конференцияси Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада ўтказилиши режалаштирилган.

Унда қазилма ёқилғилардан босқичма-босқич воз кечиш, иқлим молияси, ривожланаётган давлатларга ёрдам ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари яна кун тартибига чиқиши кутилмоқда.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенцияси ижрочи котиби Саймон Стилл Анталиядаги якуний баёнотида давлатлар асосий келишувга эриша олмаганидан афсус билдирди. Унинг таъкидлашича, халқаро иқлим музокаралари илмий маълумотларга асосланиши ва мавжуд муаммоларга муносиб жавоб бериши лозим.

Теглар

Мавзуга оид