Logo

Нега Қирғизистон тоғли қишлоқлардаги аёлларга фарзандли бўлгани учун миллионлаб пул ваъда қилмоқда?

Бугун 11:206 дақиқа

Ҳукумат ушбу тўлов миқдорларини 2025-йил 7-октябрдаги қарори билан тасдиқлаган. Бироқ пул бола туғилиши биланоқ берилмайди.

Нега Қирғизистон тоғли қишлоқлардаги аёлларга фарзандли бўлгани учун миллионлаб пул ваъда қилмоқда? © UNICEF

Қирғизистонда 2027-йилдан бошлаб баланд тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи кўп болали оналарга фарзанд туғгани учун 2 миллион сомгача (22,9 минг доллар) бир марталик пул берила бошлайди. Ҳукумат раҳбари Одилбек Қосималиев 18-ноябр куни парламентда бюджет муҳокамаси вақтида ушбу тўловлар ҳақида маълум қилди.

«Бала береке» (Болалар фаровонлиги) деб номланган янги дастур учун давлат миллиардлаб сом ажратмоқчи. Шу орқали ҳукумат оғир табиий шароитларда яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва туғилишлар сонини оширишни мақсад қилган. Бироқ тоғли ҳудудларда яшовчи барча аёллар ҳам бу пулни ололмайди. Энг катта сумма фақат ўнинчи ва ундан кейинги фарзанд туғилганда берилади. Ушбу дастур қандай ишлайди, нима учун давлат айнан тоғли ҳудудларда кўп фарзандли оилаларни қўллаб-қувватлашга қарор қилган ҳамда у ерда фарзанд туғиб, тарбиялаётган аёллар қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?

2025-йилда Қирғизистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Эдил Байсалов (айни пайтда Америкадаги элчи) Норин вилоятининг Ат-Боши туманига бориб, маҳаллий аҳолига янги демографик дастур ҳақида гапириб берган эди. У Қизибек қишлоғида ўнта фарзандни тарбиялаётган оила билан учрашди. Янги қоидаларга кўра, оилада ўнинчи фарзанд туғилгани учун онага 2 миллион сом берилиши мумкин эди. Бироқ чақалоқ дастур кучга киришидан олдин туғилгани сабабли оила пул ўрнига Вазирлар Маҳкамаси раиси номидан совғалар олди.

Ўша сафар давомида Байсалов янги нафақалар ҳисобига баланд тоғли ҳудудларда туғилишлар сони 30–40 фоизга ошиши мумкинлигини ҳам тахмин қилган эди. Амалдор ушбу дастурни мамлакат келажагига киритилаётган стратегик сармоя деб атади. Бироқ ўша пайтда бу фақат ҳукуматнинг тахмини эди. Тўловлар ҳали бошланмагани учун дастур қандай натижа беришини баҳолашнинг имкони йўқ эди.

«Бала береке» дастури тарихи 2024-йил ноябр ойида бошланган. Ўшанда Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг ўша вақтдаги раиси Қамчибек Ташиев Норин шаҳридаги болалар боғчаси очилишига борган эди. У маҳаллий аҳоли билан учрашувда президент билан келишилган ҳолда фарзанд туғилгани учун катта миқдорда пул бериш дастури ишлаб чиқилаётганини эълон қилган. Орадан бир ой ўтиб, президент Садир Жапаров тегишли фармонни имзолади. 2025-йилнинг октябр ойида эса ҳукумат пул ажратиш тартибини тасдиқлади. Дастур 2026-йил 1-январдан бошлаб туғилган болаларга нисбатан қўлланади. Бироқ биринчи тўловларни олиш учун оилалар фақат 2027-йилдан мурожаат қила олади.

Ўнинчи фарзанд учун 2 миллион сом

Янги дастур Қирғизистоннинг баланд тоғли ва бориш қийин бўлган чекка қишлоқларида доимий яшайдиган аёллар учун мўлжалланган. Бир марталик тўлов миқдори туғилган боланинг оиладаги нечaнчи фарзанд эканига қараб белгиланади.

Тўртинчи фарзанд учун — 100 минг сом (тахминан 1,1 минг доллар);
Бешинчи фарзанд учун — 600 минг сом (6,9 минг доллар);
Олтинчи фарзанд учун — 800 минг сом (9,1 минг доллар);
Еттинчи фарзанд учун — 1 миллион сом (11,4 минг доллар);
Саккизинчи фарзанд учун — 1,2 миллион сом (13,7 минг доллар);
Тўққизинчи фарзанд учун — 1,5 миллион сом (17,2 минг доллар);
Ўнинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанд учун — 2 миллион сом (22,9 минг доллар).

Ҳукумат ушбу тўлов миқдорларини 2025-йил 7-октябрдаги қарори билан тасдиқлаган. Бироқ пул бола туғилиши биланоқ берилмайди. Тўловни олиш учун чақалоқ бир ёшга тўлиши керак. Масалан, 2026-йил февралда тўртинчи фарзандини дунёга келтирган аёл 2027-йилнинг февралида 100 минг сом олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Агар оилада уч фарзанд бўлса ва эгизаклар туғилса, бошқа шартлар ҳам бажарилган тақдирда, она тўртинчи фарзанд учун 100 минг, бешинчи фарзанд учун эса 600 минг сом олади. Яъни жами 700 минг сом (тахминан 8 минг доллар) тўланади. Ҳар бир бола учун алоҳида ариза топшириш керак.

Оиладаги катта фарзандлар дастур жорий этилишидан анча олдин туғилган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, аёлнинг беш фарзанди бўлса ва 2026-йил 1-январдан кейин олтинчи фарзанди туғилса, унга 800 минг сом тўланади. Фарзандлар сонини ҳисоблашда аввал вафот этган болалар ҳам инобатга олинади. Бунинг учун уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари сақланган бўлиши керак.

Бироқ дастурда бир қатор муҳим чекловлар бор. Пул олувчи аёл Қирғизистон фуқароси ёки тарихий ватанига қайтиб келган этник қирғиз — «қайрилман» мақомига эга бўлиши керак. Бундан ташқари, у ариза топшираётган вақтда баланд тоғли ёки бориш қийин бўлган аҳоли пунктида камида икки йилдан бери ҳақиқатда яшаётган бўлиши шарт.

Фақат қариндошларининг манзилида рўйхатдан ўтган бўлишнинг ўзи етарли эмас. Давлат органлари оиланинг ҳақиқатан ҳам шу ҳудудда яшаётганини текширади. Мавсумий ёки вақтинчалик иш учун ушбу ҳудудларга борган ишчилар ва уларнинг турмуш ўртоқлари дастурдан фойдалана олмайди.

Яна бир муҳим шарт боланинг ёшига боғлиқ. Агар бола бир ёшга тўлмасдан вафот этса, она нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Агар она бола бир ёшга тўлмасидан вафот этса, қоидага кўра, давлат томонидан боланинг номига тегишли миқдордаги пул билан омонат ҳисобварағи очилади. Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган аёлларга ҳам ушбу нафақа берилмайди. Қонунчиликда назарда тутилган бошқа айрим ҳолатларда ҳам тўлов тайинланмайди.

Қирғизистон Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, бола бир ёшга тўлганидан кейин оилада нафақани олиш учун мурожаат қилишга олти ой вақт бўлади. Аризани «Тундук» электрон тизими орқали ёки ҳудудий ижтимоий ҳимоя бўлимига бевосита бориб топшириш мумкин. Бунинг учун онанинг паспорти, фарзандларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжатлар ва банк ҳисобварағи маълумотлари талаб этилади. Тўлов тайинлаш ёки рад этиш ҳақидаги қарор беш иш куни ичида қабул қилиниши керак. Шундан сўнг пул банк ҳисобварағига ўтказилади.

Дастур учун бюджетдан катта маблағ ажратилиши режалаштирилган. «Reporter.kg» нашри 2027–2029-йилларга мўлжалланган республика бюджети лойиҳасини ўрганиб, 2027-йилда «Бала береке» дастури учун 6,62 миллиард сом (тахминан 75,7 миллион доллар) ажратилиши режалаштирилганини маълум қилди. Бундан ташқари, уч ёшгача бўлган болаларга ҳар ой бериладиган «Бала ириси» нафақаси учун яна 6,87 миллиард сом (78,6 миллион доллар) сарфлаш кўзда тутилган. Якуний харажатлар тасдиқланган бюджет ва қанча оилага нафақа тайинланишига боғлиқ бўлади.

«Бала береке» баланд тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона дастур эмас. 2026 йилдан бошлаб ушбу ҳудудларда яна бир нафақа — «Бийик тоолу аймактардин жашоочуларына комок», яъни «Баланд тоғли ҳудудлар аҳолисига ёрдам» дастури ҳам амал қилмоқда. Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ой 3 минг сомдан тўланади. Бу ёрдам айрим махсус мақомга эга чегара ҳудудларида яшовчи оилаларга ҳам берилади. Нафақа тайинлашда оиланинг даромади ҳисобга олинмайди.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, 2026-йил 1-май ҳолатига ушбу ойлик нафақани 28 минг 538 киши олган. Демак, Қирғизистонда кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бир нечта турдаги тўловлар мавжуд. Бироқ уларнинг шартлари ва берилиш тартиби бир-биридан фарқ қилади. Ойлик нафақа бола туғилганидан бошлаб тўланса, «Бала береке» дастуридаги катта миқдордаги пулни олиш учун унинг бир ёшга тўлишини кутиш керак.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда туғилишлар сони аста-секин камаймоқда. 2021 -илда мамлакатда 150 минг 164 бола туғилган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 140 минг 504 нафарни ташкил этган.

Аёлларнинг бутун умри давомида ўртача нечта фарзанд кўришини ифодаловчи умумий туғилиш коэффициенти ҳам пасайган. 2020-йилда бу кўрсаткич 3,1 ни ташкил этган бўлса, 2024-йилда 2,6 гача тушган.

Демак, давлатнинг янги дастури оилаларда фарзандлар сони камайиб бораётган бир пайтда жорий этилмоқда. Шунга қарамай, Қирғизистонда туғилиш даражаси бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан юқорилигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам йилдан йилга туғилишлар камаяётгани, шу пайтда давлат икки ва ундан кейинги фарзандлар учун бериладиган «суюнчи пули»ни чеклаб қўйгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид